14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари президентларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев (Ўзбекистон), Қосим-Жомарт Тўқаев (Қозоғистон), Садир Жапаров (Қирғизистон), Сердар Бердимуҳамедов (Туркманистон) иштирок этди.
Тадбирда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга ҳам таклифнома юборилган, бироқ унинг иштироки ҳақида хабар берилмаган.
Учрашув олдидан давлат раҳбарлари Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қабулида бўлдилар. Саммит доирасида Душанбеда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви, кўнгиллилар форуми, иқтисодий форум, минтақадаги етакчи аёллар мулоқоти аъзоларининг учрашуви ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтди.
Саммитда минтақада кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш: сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, сармоя, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, шунингдек, замонавий чақириқлар ва хавфсизлик таҳдидларига жавоб бериш масалалари муҳокама қилинди.
Президентларнинг бешинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
👉 Марказий Осиё давлат раҳбарларининг қўшма баёноти;
👉 ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари бўйича келишув;
👉 Марказий Осиёда ерусти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим.
ℹ️ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ишончли мулоқотни сақлаб қолиш ва долзарб минтақавий муаммолар бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш» мақсадида бундай саммитларни 2017 йили ўтказиш таклифи билан чиққанди.
Минтақа етакчиларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Нур-Султонда, иккинчиси 2019 йил ноябрида Тошкентда, учинчи учрашуви 2021 йил августида Туркманистоннинг «Овоза» миллий туристик зонасида, тўртинчиси 2022 йил июлида Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган.