11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мустақил Фаластин давлатини яратиш тарафдори эканини билдирди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз нутқида Ғазо секторидаги жанглар мисли кўрилмаган гуманитар фалокатга дуч келган Фаластин халқи учун кўплаб қурбонлар ва азоб-уқубатларга олиб келганини алоҳида таъкидлади.
«Фуқаролар инфратузилмаси, мактаблар, шифохоналар ва турар-жой биноларига танловсиз ҳужум қилиш нафақат халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши, балки инсон ҳуқуқларининг ҳам жиддий бузилиши ҳисобланади», — деди Жапаров.
У Қирғизистон Фаластин халқининг мустақиллик ва суверен давлат яратишга бўлган қонуний ҳуқуқларини тан олишини, бу эса Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияларига мос келишини қўшимча қилди.
Уни ҳамкасби Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон қўллаб-қувватлаб, Яқин Шарқда можаро авж олган пайтдан бери расмий Душанбе ҳар икки томонни зўравонликларни тўхтатиб, музокара столига ўтиришга чақирганини эслатди. Раҳмонга кўра, бу минтақада тинчликка эришиш фақат БМТ резолюцияларини амалга ошириш орқали мумкин.
«Тожикистон пойтахти Шарқий Қуддус бўлган ва 1967 йил чегараларида Фаластин давлати ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди», — деди Раҳмон.
ИҲТ саммитида Қозоғистон номидан қатнашган мазкур давлат Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ҳам Фаластинликларнинг суверенитет ҳуқуқини қўллаб-қувватлади. Дипломат Яқин Шарқ инқирозини фақат БМТ томонидан тасдиқланган «Икки халқ учун икки давлат» формуласи асосида ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.
Саммит якунлари бўйича резолюция қабул қилинди, унда, жумладан, қуйидаги фикрлар мустаҳкамланган:
👉 Ғазо сектори Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин ҳудудининг ажралмас қисмидир;
👉 сектордаги қуролли можаро учун жавобгарлик Исроил зиммасида;
👉 ИҲТ давлатлари фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий хавфсизлик тизимини яратишга келишиб олди.
Аввалроқ, 9 ноябрь куни БМТ Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларида – Шарқий Қуддус ва Голан тепаликларида жойлашган аҳоли пунктларини ноқонуний деб эълон қилиш учун овоз берган эди. Натижада, тегишли резолюцияни 145 давлат, жумладан, Марказий Осиёнинг барча беш постсовет республикаси қўллаб-қувватлади. Туркманистоннинг позицияси эътиборга молик, у қўшниларидан фарқли ўлароқ, илгари бошқа давлатлар ўртасидаги қуролли можаролар бўйича овоз беришда қатнашмасликни афзал кўрди. Эслатиб ўтамиз, ушбу резолюциянинг қабул қилинишига етти давлат, жумладан, Исроил ва АҚШ қарши чиқди. Қўшма Штатлари вето ҳуқуқига эга экан, резолюция юридик кучга эга бўлмайди, дейди экспертлар.
ℹ️Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти 1969 йили тузилган. Ҳозирда ИҲТга 57 та аъзо давлат бўлиб, уларнинг умумий сони 1,7 миллиард кишидан ошади ва БМТдан кейин иккинчи йирик халқаро ташкилот ҳисобланади.
ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракеталар ҳужуми уюштирди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб кирди. Исроил оғир артиллерия ва ҳаво кучлари билан жавоб бериб, «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди ва анклавни қамал қилди.
Исроил расмийларига кўра, Хамас ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ фуқаро террорчилар томонидан гаровга олинган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил амалиёти бошланганидан буён анклавнинг 11 мингдан ортиқ аҳолиси, жумладан 4609 нафар бола ва 3100 нафардан ортиқ аёл ўлдирилган. Ярадорлар сони 26 минг кишидан ошган.