Қирғизистон ва Тожикистон умумий чегаранинг 90 фоиздан ортиғи бўйича келишиб олди

ҚАМЧИБЕК ТАШИЕВ (ЧАПДА) ВА САЙМЎМИН ЯТИМОВ БОТКЕНДАГИ УЧРАШУВДА. ҚИРҒИЗИСТОН ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғиз-тожик чегарасининг 90 фоизи томонлар томонидан келишилган. Бу ҳақда чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари ҳамраислари – Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимовнинг 12 декабрь куни Боткен шаҳрида бўлиб ўтнае учрашуви якунлари бўйича маълум бўлди.

«Бугун жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди, биз 120 км дан ортиқ масофага илгариладик ва ушбу масалаларни принципиал келишиб олдик. Давлат чегарасининг умумий узунлигини оладиган бўлсак, шуни айтишим керак ва Қамчибек Қидиршаевич буни тасдиқлаши мумкин, давлат чегарасининг 90 фоиздан ортиғи аллақачон белгиланган. Биз ҳақиқатан ҳам бу муаммоларни ҳал қилишга яқинмиз», — деди Ятимов.

Унинг сўзларига кўра, «комиссия асосий масалаларни ҳал этишга ўта масъулият билан ёндашади, унинг аъзолари давлат раҳбарларининг кўрсатмаларини аниқ бажаради».

Ташиевнинг айтишича, ҳукуматлараро комиссия иш натижаларига кўра чегаранинг катта қисми бўйича келишувларга эришилган.

«Бу 90 фоиздан ортиқ. Ўйлайманки, келишилган ҳудудлар тез орада белгилаб олинади. Бизда бир нечта бўлимлар қолади, тез орада ишни якунлаймиз. Бу қайси ҳудудлар? Қайрағоч, Кулунду, Мақсат, Арка, Арка-1, Арка-2, Жани-Жер ва Жийделикгача. Ишчи гуруҳ тасдиқлашни тўлиқ якунлади», — деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Шу тариқа, унинг сўзларига кўра, айни пайтда савол остидаги баҳсли йўналишлар бўйича ишлар деярли якунланган.

Ятимовнинг таъкидлашича, бутун давлат чегарасини демаркация ва делимитация қилишни якунлаш бўйича саноқли учрашувлар ўтказилиши қолган.

Аввалроқ, 11 декабрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасини демаркация қилиш бўйича барча ишларни 2024 йил баҳоригача якунлаш режалаштирилганини маълум қилганди. Шу билан бирга, у аввали бу ишлар жорий йил охиригача якунланишини маълум қилганди.

Сўнгги уч ой ўзида томонлар давлат чегарасининг қарийб 100 километри бўйича келишувни эълон қилди. 1 декабрь куни Бўстон шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги учрашувда Ятимов ва Ташиев давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилишнинг стратегик ҳудудлари бўйича фундаментал қарорга келинганини маълум қилишганди.

ℹ️ Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 976 километр бўлиб, шундан яқинга қадар атиги 664 километри делимитация ва демаркация қилинган эди. Баҳсли ҳудудларда икки давлат аҳолиси ўртасида йўллар, сув ва ердан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар мунтазам пайдо бўлади. Охирги йирик қуролли можаро 2022 йил 15-16 сентябрида бўлиб ўтган. Тўқнашувлар оқибатида ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва жароҳат олганлар бўлган. 100 га яқин одам ҳалок бўлган, 150 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Икки кун давомида юзлаб уйлар, жамоат объектлари ва инфратузилмага зарар етказилган, бунинг натижасида кўпчилик уй-жойлари, мол-мулки, озиқ-овқат таъминоти ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлишган. Қўшни республикалар ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ