Қозоғистонда Наврўз байрами ўн кун нишонланади. Лола байрамнинг асосий рамзига айланди

Наурызнинг 2024 йилги расмий логотипи. Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистонда Наврўз байрами ўн кун давомида – 14-23 март кунлари нишонланади. Декада «Наурызнама» деб номланди, деб хабар беради Республика Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати.

«Бу даврнинг ҳар бир куни Қозоғистон маданияти ва жамиятининг бойлиги ва ранг-баранглигини акс эттирувчи муайян мавзу ва қадриятга бағишланган. «Наурызнама» ўн кунлиги хайрия ва маданий тадбирлардан тортиб, миллий анъаналар ва экологик акцияларгача жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олишга мўлжалланган», — дейилади хабарда.

Наврўз байрамини нишонлашнинг янги формати 13 март куни бўлиб ўтган брифингда Маданият вазирлиги Маданият вазирлиги раисининг ўринбосари Собит Барлибаев томонидан тақдим этилди. У шундай деди:

🌷 14-март куни Көрісу күні — Амал мерекесі «Яратилиш куни);

🌷 15 март куни — Қайырымдылық күні (Меҳрибонлик куни);

🌷 16 март куни — Мәдениет және ұлттық салт-дәстүр күні (Маданият ва миллий анъаналар куни);

🌷 17 март куни — Шаңырақ күні (Шанирак куни. Шанырак – ўтовнинг гумбазли доираси);

🌷 18 март куни — Ұлттық киім күні (Миллий кийимлар куни);

🌷 19 март куни — Жаңару күні (Янгиланиш куни);

🌷 20 март — Ұлттық спорт күні (Миллий спорт куни);

🌷 21 март — Ынтымақ күні (Бирдамлик куни);

🌷 22 март — Жыл басы (Йил боши);

🌷 23 март –Тазару күні (Тазарру куни) нишонланади.

Декаданинг ҳар бир куни учун тегишли тадбирлар: маданий, спорт, экологик, шунингдек, халқ байрамлари ва оммавий савдолар режалаштирилган.

«Бу йилги асосий байрам 21 март куни Остонадаги ЭКСПО ҳудудида бўлиб ўтадиган Ұлы істің – Ұлы таңы («Буюк ишлар тонги») бўлади. Ушбу байрам миллий мероснинг хилма-хиллиги ва халқ бирлигини ўзида мужассам этган кўп асрлик қозоқ анъаналари ва маданиятининг тимсоли бўлади», — дея изоҳ берди Маданият вазирлиги.

Шу билан бирга, Қозоғистонда дам олиш кунлари сони ўзгармайди. Қонунга кўра, Наврўз байрами муносабати билан мамлакат аҳолиси 21-23 март кунлари дам олади. Бу йил байрамлардан бири — 23 март дам олиш кунига (шанба) тўғри келганлиги сабаб, беш кунлик иш ҳафтасига эга қозоғистонликлар 21 мартдан 25 мартгача дам оладилар.

Қозоғистонда Наврўзнинг асосий рамзи сифатида Лола гули тасдиқланди.

«Халқ учун лола Наврўз байрамининг ёрқин рамзидир. Ота-боболаримиз азалдан лолани ардоқлаб, уни жаннат гули деб билишган», — дейди Собит Барлибаев.

14 март куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат аҳолисини Амал күні билан табриклади.

«Наврўзнинг бошланиши – Амал күні куни муборак бўлсин! Бу халқимизнинг азалий урф-одатларини қайта тиклаган, маданиятимизнинг ажралмас қисмига айланган ўзига хос анъанамиздир. Шу куни биз миллий қадриятларимизни, ўзлигимизни улуғлаймиз. Юрт обод бўлсин! Йил омадли келсин!», — деб ёзган Тўқаев ўзининг Х тармоғидаги (собиқ Twitter) аккаунтида қозоқ тилида.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ