Қирғизистон президентини «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасига вето қўйишга чақиришди

orbita.kg сайти фотосурати

Бир қанча нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровни «Хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасига вето қўйишга чақирди.

Amnesty International қайд этишича, қонуннинг қабул қилиниши «бирлашмалар эркинлиги ҳуқуқига путур етказади ва ННТ (ноҳукумат ташкилотлари – «Фарғона» изоҳи) мустақиллигига таҳдид солибгина қолмай, балки Қирғизистонда бир вақтлар фаол бўлган фуқаролик жамияти тузилмасини ҳам яксон қилади».

«Президент ушбу қонун лойиҳасига вето қўйиши мумкин ва лозим. Қирғизистоннинг халқаро ҳамкорлари ўз ҳукумати ва қонун чиқарувчиларга уюшмалар эркинлиги амалда нимани англатишини эслатиб туриши ва уларни бу зарарли қонунчилик ташаббуси қонунга айланишига йўл қўймаслик учун зудлик билан фуқаролик жамияти ташкилотлари билан конструктив мулоқот ўтказишга мажбур қилиши жуда муҳим», — деди Мари Струтерс, директор Amnesty Internationalнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Струтерс.

Инсон ҳуқуқлари умумеътироф этилиши ва ҳурмат қилинишини таъминлаш ҳукуматнинг бурчидир, токи одамлар ҳаётини яхшилансин, айниқса, жамиятнинг маргиналлашган қатлами ҳаёти, дея қўшимча қилди Струтерс.

Human Rights Watch ижрочи директори Тирана Ҳасанга кўра, Қирғизистон раҳбарияти фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини фаровон ва инклюзив жамият қуришда ўзининг иттифоқчи сифатида кўриши, фикрлар хилма-хиллиги ва уюшмалар эркинлигини таъминловчи муҳитни таъминлаши керак. Мамлакат ҳукумати аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни чекламасдан қўллаб-қувватлаши зарур.

«Қирғизистон миллий, халқаро ва хорижий манбалардан ресурслар излаш уюшмалар эркинлиги ҳуқуқининг ажралмас қисми эканини тасдиқловчи кўплаб халқаро ва минтақавий келишувларни имзолаган», — дея эслатди Ҳасан.

«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters sans frontières, RSF) ташкилоти ҳам четда турмади.

«Парламент ҳозиргина Россия қонунчилигини такрорловчи ва ҳар қандай ОАВ ва ННТ фаолиятини ўзбошимчалик билан тўхтатиб қўйиш имконини берувчи «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунни қабул қилди. RSF Қирғизистон Республикасида ОАВни бўғиб ўлдирадиган бундай жиддий таҳдидни қоралайди ва Садир Жапаровни ушбу ҳужжатни имзоламасликка чақиради», — дейилади ташкилот Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги баёнотда.

ℹ️ «Хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2014 йили парламентнинг уч аъзоси томонидан илгари сурилган. 2016 йил май ойида жамиятда узоқ ва қизғин муҳокамадан сўнг у учинчи ўқишда рад этилган. 2023 йил май ойида Нодира Нарматова бошчилигидаги 33 нафар депутатлик гуруҳи парламентга яна шунга ўхшаш (таҳлилчилар фикрича, айни) қонун лойиҳасини киритган. Жорий йил 14 март куни Жогорку Кенеш қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат кучга кириши учун у мамлакат президенти томонидан имзоланиши керак.

Маҳаллий юристлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам ННТ ҳаиқдаги қонунга киритилган ўзгартиришлардан хавотир билдиришди. Европа Иттифоқи делегациялари ҳамда Канада, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари қўшма баёнот бериб, унда қонун лойиҳаси қоидалари халқаро меъёрларга зид экани ва озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш, таълим каби асосий хизматларни муҳтож бўлган энг заиф одамларга зарар етказиши мумкинлиги, зеро бундай ёрдамлар ННТ томонидан кўрсатилаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳуқуқ ҳимоячилари фикрига қўшилган эди, наинки уларга кўра, «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жамияти ташкилотларининг эркин ва самарали фаолият юритиш имкониятларини чеклайди. Бунга жавобан Садир Жапаров америкалик сиёсатчидан Қирғизистон ички ишларига аралашмасликни сўраган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ