Қирғизистон ҳукумати 12 йиллик мактаб таълимига ўтишни маъқуллади

tmcars.info сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати «Ўрта умумий таълим тузилмасини модернизация қилиш тўғрисида»ги фармонни тасдиқлади, унга кўра, мамлакат босқичма-босқич 12 йиллик таълим моделига ўтади. Бу ҳақдаги қарор 15 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Бош вазир Ақилбек Жапаров томонидан маълум қилинди, деб хабар беради Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.

Ўзгартиришлар таълим мазмунини замонавий тенденциялар асосида янгилашни, республиканинг иқтисодий фаровонлиги учун рақобатбардош инсон капиталини ривожлантиришни таъминлашни назарда тутади.

Ҳукумат 12 йиллик таълимга ўтиш билан беш ва олти ёшли болаларнинг 100 фоизи мактаб таълимига қамраб олинишини таъкидлайди. Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасалари ўқитувчилари махсус малака ошириш курсларини тугатгандан сўнг биринчи синфларда ишлашни давом эттирадилар.

Айни пайтда умумтаълим муассасаларида 4 минг 48 дан ортиқ мактабгача таълим хоналари ташкил этилган бўлиб, улар қабул қилинган стандартларга жавоб берадиган мебель ва жиҳозлар билан таъминланган. Қўшимча ўқув ўринлари масаласи мактабларни инвентаризациядан ўтказгандан сўнг маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда ҳал этилади.

Қирғизистон Таълим ва фан вазири Догдурқул Кендирбаеванинг тушунтиришича, тизимдаги ислоҳотлар республиканинг Япония, Малайзия ва Сингапур каби давлатларга юкланиш истаги билан боғлиқ.

«Мазкур мамлакатлар табиий ресурсларга эга эмас, аммо кучли инсон капитали туфайли улар жадал ривожланмоқда. Биз бу давлатлар билан тенг бўлишни хоҳлаймиз. Бунга эришиш учун 12 йиллик таълимга ўтишга қарор қилдик. Илгари бу ташаббус парламентда икки марта қўллаб-қувватланмаган, у пайтлар одамларда бу модел ҳақида нотўғри тасаввур бор эди», — дея қўшимча қилди вазирлик бошлиғи.

Кендирбаеванинг таъкидлашича, янги тизим мактаб ўқувчиларининг таълим олиш муддатини 19 ёшга тўлгунга қадар узайтиришни назарда тутмайди. Унинг сўзларига кўра,

шунчаки нолли синф биринчи деб номланади ва қирғизистонликлар мактабни ҳозирги ўсмирлар билан бир хил ёшда битиришади.

Бундан ташқари, вазир дастурда бўлажак касб танлашга алоҳида эътибор қаратилишига урғу берди.

«10, 11 ва 12-синфлар ўқувчини касбга йўналтиришга қаратилган бўлади. Юқори синфлар, агар ўқувчи фан билан боғлиқ касб танлашни хоҳласа, баъзи физика, математика фанларини чуқур ўрганишади. Шунингдек, меҳнат касблари учун сертификатлар олиш имконияти ҳам пайдо бўлади», — деди Кендирбаева.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу янги қоидалар мактабдан кейин бирон сабабга кўра университет ёки коллежга бормайдиганлар учун фойдали бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ