Давлат Думаси Россияда камида беш йил ишламаган мигрантларга бепул тиббий ёрдам берилишини тақиқлади

duma.gov.ru сайти фотосурати

20 ноябрь куни Россия Давлат Думаси мажбурий тиббий суғурта полислари фақат Россия Федерациясида беш йиллик суғурта стажига эга ишчи мигрантларга берилишига оид қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Давлат Думаси матбуот хизмати хабар берди.

«Энди мамлакатимизда бепул тиббий ёрдам олиш учун чет эл фуқаролари Россияда камида беш йил қонуний равишда ишлаган бўлиши керак. Фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно. Мамлакатимизга ишлаш учун келган ва юқори сифатли ижтимоий кафолатлардан фойдаланишни истаганлар буни ҳалол ва қонуний меҳнати орқали исботлашлари керак», — деди Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин.

Мажбурий тиббий суғурта (МТС) — бу давлат ижтимоий дастури доирасида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат. Амалдаги қонунга кўра, мажбурий тиббий суғурта олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун мигрантлар Россияда камида уч йил ишлаган бўлиши керак.

Қонун лойиҳасига берилган тушунтириш хатида Россияда вақтинча ишлаётган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун беш йиллик иш стажи мажбурий бўлиши айтилган, юқори малакали мутахассислар, шунингдек, РФда жойлашган Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо давлатларда рўйхатдан ўтган хорижий компанияларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва шўъба корхоналарида ишлаш учун юборилган чет элликлар бундан мустасно.

Қонун Рф президенти томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ