Қозоғистоннинг Уралск шаҳри ҳокими сув тошқини туфайли қаттиқ ҳайфсан олди

Уралскнинг сув босган кўчаларидан бири. www.gov.kz сайти фотосурати

Ғарбий Қозоғистондаги Уралск шаҳри ҳокими Миржан Саткановга сув тошқини туфайли қаттиқ танбеҳ берилди. Бундай қарорни Ғарбий Қозоғистон вилояти раҳбари Нариман Турегалиев қабул қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Тошқинга қарши чора-тадбирлар бўйича вилоят тезкор штабининг йиғилишида Турегалиев шаҳар ҳокимияти табиий офатга тайёр эмаслигини таъкидлади. «Сиз тошқинга тайёр эмас эдингиз. Ҳатто шаҳар ҳокимлиги биноси ҳам сув остида қолди. Буларнинг барчаси масъулиятсизликдан далолат беради. Кеча ва бугун шаҳарни айланиб чиқдим, баъзи микрорайонларда мен келганимда иш энди бошланаётган эди. (...) Шаҳар ва туманлар кучайтирилган режимда ишлаши керак. Вазиятни кечаю кундуз назоратга олинг», — деди вилоят ҳокими.

26 март куни Уралскда ёмғир бошланди, синоптикларнинг фикрича, бу бир неча кун давом этади. Шаҳар, деб ёзади нашр, том маънода сувга кўмилди. Эриган музлар ва ёмғир нафақат чекка ҳудудларни, балки марказни, хусусан, ҳокимлик (шаҳар ҳокимлиги) биносини ҳам босиб кетган.

Канализация қувурлари сув билан тўлиб кетганлиги сабабли шаҳар аҳолиси ичимлик суви таъминотидаги чекловлар ҳақида огоҳлантирилди.

«Уральская неделя» нашрининг ёзишича, Ғарбий Қозоғистон вилоятида нафақат маъмурий марказ, балки кичик аҳоли пунктлари ҳам сув тошқини домида қолмоқда. Бундан ташқари, у ердаги вазият «соат сайин аянчли» бўлиб бормоқда. Эриган муз сувлари Теректинский, Каратюбинский ва Казталовский туманларидаги қишлоқларга бостириб кирмоқда. Фавқулодда вазият ходимлари у ердан аҳоли ва чорва молларини эвакуация қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ