Садир Жапаров «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунни имзолади ва унинг аҳамиятини изоҳлаб берди

Садир Жапаров. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришларни маъқуллади. Давлат раҳбари 2 апрель куни имзолаган ҳужжат жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг хорижий ҳамкорларида қизиқиш уйғотди, дейилади унинг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ)даги саҳифасида.

Республика президенти янги қонуннинг аҳамияти ва кўплаб халқаро ташкилотлар ундан ҳужжатни имзоламасликни сўрашининг сабабларини тушунтириб берди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, хориждан молиялаштириладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари илгари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган ва ҳеч кимга ҳисобот бермаган. Шу билан бирга, улар хорижлик донорлар пулларини ўз ихтиёрига кўра ишлатган.

«Энди улар очиқчасига иш бошлайдилар. Аввалгидек тартибсизликлар бўлмайди», — деди давлат раҳбари янги қонун моҳиятини тушунтириб бераркан.

Қирғизистондаги ННТ чет эллик ҳамкорлари маҳаллий ташкилотлар алдаяпти, дея қонунга қарши чиқишди, дея давом эттиради Жапаров.

«Улар «бизни таъқиб қилишади, чет давлат агенти сифатида ҳибсга олишади», дея ёлғон маълумот тарқатишмоқда. Донорлар эса бунга ишонишди»,деди президент.

Бироқ, унинг қўшимча қилишича, 30 йил давомида ҳеч ким нодавлат ташкилотларни таъқиб қилмаган. Президент қонуннинг янги таҳрири қабул қилингандан кейин ҳам бундай бўлмаслигига кафолат берди.

«Биз ядровий давлат эмасмиз. Ҳозирча космосга учмоқчи ҳам эмасмиз. Давлатимизнинг сиздан ва донорларингиздан яширадиган сирлари йўқ.Барча маълумотларни очиқ манбаларда топиш мумкин. Агар имконингиз бўлса, миллионларни эмас, миллиардларни олинг. Бу мамлакатимизга фақат фойда келтиради. Биз барчанинг тенг шароитда ишлаши учун ҳамма нарсани очиқ кўрсатмоқчимиз», — деди Жапаров.

Президент сўзларига кўра, баъзи нодавлат ташкилотлар донорларга тренинглар ва давра суҳбатларига пул сарфладик, дея ёлғон гапиришган, аслида улар пулларни шахсий манфаатлари учун фойдаланишган. Республика раҳбари ўз сўзларини исботлай олишини ёзган, аммо факт келтирмаган.

У «ривожланган Ғарб мамлакатларида» хориждан молиялаштириладиган ташкилотлар Адлия вазирлиги ва Солиқ хизматида рўйхатдан ўтишини яна бир бор таъкидлади.

«Ёки биз иккинчи даражали давлатмизми? Йўқ, бундай эмас. Биз бундан кейин шубҳали ҳаракатларга йўл қўймаймиз», — дея хулоса қилади президент.

Жапаровнинг ижтимоий тармоқларда чиқишидан кўп ўтмай, давлат раҳбари сайтида қонун имзолангани ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Қирғизистон раҳбари матбуот хизматининг аниқлик киритишича, ҳужжат ННТ фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги ваколатли органга бир қатор қўшимча функциялар юкланган:

👉 нотижорат ташкилот бошқарув органидан унинг маъмурий ҳужжатларини сўраш;

👉 давлат статистика органлари, солиқ органлари ва бошқалардан нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисида маълумотларни сўраш ва олиш;

👉 Улар томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш учун ўз вакилларини юбориш;

👉 нотижорат ташкилот фаолияти, шу жумладан маблағларнинг сарфланиши ва бошқа мол-мулкдан фойдаланишнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқлигини текшириш.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, «Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳаси Қирғизистон парламенти томонидан 14 март куни қабул қилинган эди.

Шу билан бирга, халқаро экспертлар республика органларига ушбу тузатишларни тасдиқлашдан бош тортишни бир неча бор сўрашган. Жумладан, депутатлар қароридан сўнг бир қанча нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам шундай баёнот билан чиқишди.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳуқуқ фаоллари фикрига қўшилган ҳолда, «хорижий агентлар» тўғрисида қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жамияти ташкилотларининг эркин ва самарали фаолият юритиш имкониятларини чеклашина таъкидлади. Бунга жавобан Садир Жапаров америкалик сиёсатчидан Қирғизистон ички ишларига аралашмасликни сўраган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ