Норин давлат университети раҳбарияти фирибгарлик йўли билан маблағларни ўзлаштиришда айбланмоқда

НДУ биноси. akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Норин давлат университети раҳбарларини қўлга олди. Улар университетга ўқитувчиларни сохта ишга жойлаштириш орқали салкам олти миллион сўм (67 минг доллардан ортиқ) маблағни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда, деб ёзади 24.kg нашри МХДҚ матбуот хизматига таяниб.

Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, университет профессор-ўқитувчилари рўйхатига республиканинг бошқа вилоятларидан келган таниқли олимлар ҳам киритилган. 2016 йилдан буён уларга маош тўланган, аслида пулларни университет раҳбарлари ўзлаштиришган. Сохта ёлланган ўқитувчилар ушбу таълим муассасасига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва бу ерда ойлик олишмаганини тасдиқлашган.

«Кўпчилик университет магистратураси битирувчилари ўз диссертациялари мавзуси ва илмий раҳбарлари исмларини айтиб бера олишмаган. Улардан баъзилари диплом ҳимояси учун пул тўлаган. Шунингдек, бир хил мазмундаги битта диссертациядан такроран фойдаланилган ҳолатлари ҳам аниқланган», — дея қўшимча қилади МХДҚ матбуот хизмати.

Хавфсизлик хизмати ходимларининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, ноқонуний ўзлаштирилган маблағ миқдори олти миллион сўмга боради. Норин давлат университети раҳбарлари ва жамоатчилик ходимлари гумон қилинаётгани қайд этилади. МХДҚ айбланувчилар исми-шарифининг фақат бош ҳарфларини кўрсатган, жумладан, Б.Э.М — университет ректори Байбағишов Эрмек Муратканович эканига тўғри келади.

Гумонланувчилар рўйхатида университетнинг тўрт нафар ходими бор. Уларнинг барчаси дастлабки тергов ҳаракатлари давомида вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

ℹ️ Норин давлат университети 1996 йили ташкил топган. У ерда 50 та мутахассислик бўйича талабалар таҳсил олади. Бакалавр ва магистр даражалари мавжуд.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ