Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон биргаликда Норин дарёсида ГЭС қуришга келишиб олди

NAZARNEWS.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари охирги тилга олинган республика ҳудудида биргаликда Қамбарота гидро электр станцияси (ГЭС-1) ни қуришга келишиб олдилар. Иншоот Норин дарёси бўйида қурилади, дейилади Қозоғистоннинг очиқ норматив-ҳуқуқий актлар сайтида эълон қилинган ҳукуматлараро келишув лойиҳасида.

Ҳужжатга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун томонлар Қирғизистоннинг 34 фоиздан, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ҳар бирининг улуши 33 фоиздан иборат бўлган акциядорлик жамиятини тузадилар. Шартнома асосчилари мустақил равишда белгиланади. Шу билан бирга, активларни тақсимлаш ўзгаришсиз қолади, чунки қимматли қоғозларни топшириш ёки сотиш тақиқланган. Бироқ, қурилиш тугагандан сўнг Қамбарота ГЭС-1 Қирғизистон мулкига ўтади.

Шартномада, шунингдек, Марказий Осиёнинг учта давлати томонидан белгиланган ташкилотларга ГЭСда ишлаб чиқариладиган энергиянинг бутун ҳажмини сотиб олиш кафолатланиши қайд этилган. Давлатлар станциянинг иш режими ва сув оқими миқёси устидан биргаликда назорат қилади.

ГЭС қурилиши учун пул маблағлари шартнома тарафлари томонидан тақдим этилади, харажатлар эса қисман банклар, халқаро молия институтларининг кредит ва грантларини жалб этиш ҳисобига қопланади.

Лойиҳа қиймати, шунингдек, уни амалга ошириш муддатлари техник-иқтисодий асослаш тасдиқлангандан сўнг аниқланади.

ℹ️ Ўтган йил январь ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Энергетика вазирлари Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича йўл харитасини тасдиқлаган эди. Келажакда станция қуввати 1860 МВт бўлиши, объект йилига тахминан 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариши тахмин қилинганди. Сув омбори ҳажми 5,4 миллиард куб метр бўлган ҳолда баландлиги 256 метр бўлган тўғон қуриш режалаштирилган. Лойиҳани тўлиқ амалга ошириш ўн йил давом этиши кутилмоқда, бироқ иш бошланган сўнг тўрт йил ўтиб мамлакатдаги биринчи гидротехника иншооти ишга туширилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари бир қатор ҳужжатларни имзолаган бўлиб, унда қўшма устувор лойиҳалар белгилаб берилган эди. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши шулар жумласидандир.

ℹ️ Норин дарёсидаги №1 ва 2-Қамбарота ГЭСларини қуриш СССР даврида 1988 йили тасдиқланган. Ўшанда қурилиш ишлари бошланган, аммо 1994 йилда маблағ йўқлиги сабабли тўхтатилган. Ўша пайтда ишларнинг 25 фоизи бажарилган эди.

2008 йили Россия кўмагида ГЭС-2 қурилиши қайта тикланган. Бироқ, кейинчалик Бишкек келишув бўйича ажратилган 450 миллион долларни нотўғри ишлатганликда айбланганидан сўнг Россия Федерацияси билан ҳамкорлик тўхтаб қолган.

2012 йили иккала ГЭСни «РусГидро» ширкати якунлаши тўғрисида келишувга эришилган, бироқ бир неча йил ўтиб Қирғизистон ҳукумати ушбу шартномани бекор қилиш ташаббуси билан чиққан.