Раҳмон Тожикистон олимлари фаолиятини танқид қилди

Эмомали Раҳмон. asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон республикадаги олимлар фаолиятидан норозилигини билдириб, уларнинг иш натижалари давр талабига жавоб бермаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Тожикистон президентининг расмий сайти хабар берди.

Раҳмон 30 май куни олимлар билан учрашувда давлат ва ҳукуматининг доимий қўллаб-қувватлаши ва эътиборига қарамай, олимлар умидларни оқламаётганини танқид қилди.

«Мамлакатда сейсмология, энергетика, геология, архитектура, ахборот-коммуникация технологиялари, металлургия, молекуляр биология, генетика, селекция, биотехнологиялар, биокимё ва экология йўналишлари бўйича ёш олимларни тайёрлаш ҳолати замонавий талабларга жавоб бермайди», — деди президент.

Шунингдек, вирусология, иммунология, тиббий генетика, фан мантиқи ва методологияси, социология, халқаро ҳуқуқ, тарих ва тилшунослик, демография, география ва бошқа соҳалар бўйича олимлар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Раҳмон мамлакатда 5900 га яқин илмий унвон ва илмий даражага эга инсонлар борлигини таъкидлади. Улар орасида 886 нафар фан доктори, 4 минг 800 нафар фан номзоди ва 158 нафар мутахассислик доктори бор, бироқ негадир эллик йилдан ортиқ илмий соҳада катта тажрибага эга бўлган айрим таниқли олим ва мутахассислар бирорта ҳам талабага таълим бермаганини таъкидлади.

Жумладан, Раҳмон Миллий фанлар академияси Математика институтида 2018-2023 йиллари 19 киши докторантурага қабул қилингани, бироқ улардан фақат иккитаси илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилганини айтиб ўтди.

«2019 йилдан ҳозиргача «Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси чорвачилик институти» илмий-тадқиқот институтига 16 нафар фуқаро бюджет асосида ўқишга қабул қилинган, бироқ уларнинг бирортаси илмий ишини ҳимоя қилмаган. Ўтган ўн йил ичида Тожикистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг биология хавфсизлиги ва биотехнология институтига 28 нафар аспирант ва 10 нафар докторант ўқишга қабул қилинган, бироқ улардан фақат учтаси илмий ишини ҳимоя қилолган», — дея куйуниб гапиради президент.

Эмомали Раҳмон, шунингдек, докторантлар диссертациялари етарли даражада қўллаб-қувватланмаётгани ва докторантларнинг ўзлари қониқарсиз фаол экани, шунингдек, илмий раҳбарларнинг «бемаъни» ёндашувидан хавотир билдирди.

Президент тожик олимларининг диссертациялар ёзишда плагиатга йўл қўйишаётганига алоҳида урғу берган.

«Биласизми, «Диссернет» тармоғи томонидан тожик олимлари муаллифлик қилган кўплаб илмий диссертациялар фош этилган. Бироқ, Олий аттестация комиссияси вазиятни тўғрилаш ва бундай нохуш хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича етарли чоралар кўрмаяпти. Аксинча, плагиат қилган олимларни ҳимоя қилиш, уларнинг қилмишларини яшириш ҳоллари ҳам учраб турибди.

Жорий йилнинг апрель ойида Олий аттестация комиссияси томонидан Президент девонига «Диссертация тадқиқотлари ва республика фуқароларини хорижда ҳимоя қилиш ҳамда диссертация мавзусини танлаш зарурати тўғрисида»ги ҳисобот тақдим этилган ва унда Диссертация кенгаши тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган. Аммо у «Диссернет» тармоғи томонидан илмий диссертациялар муаллифларининг плагиатига оид хулосаларининг асоссизлигини исботламади ва бу борада ҳеч қандай далил келтирмади», — деди Раҳмон.

Республика раҳбарининг аниқлик киритишича, «Диссернет» тармоғи 150 нафар тожик олимларини (фан номзодлари ва фан докторлари) илмий диссертациялар тайёрлашда плагиатга йўл қўйганликда айбдор деб топди ва улардан етти нафарининг дипломи «Диссернет» талабига кўра Россия Федерацияси Олий аттестация комиссияси томонидан сохта деб топилди.

«Илмий даражага даъвогарлик қилаётганларнинг айримлари мустақил равишда диссертация ёзмаётгани, ҳатто унинг мазмун-моҳиятини ҳам тушунмаслиги ташвишли ҳолатдир», — дея хулоса қилди Раҳмон.

ℹ️ Сўнгги йилларда «Диссернет» интернет ҳамжамияти ўнлаб тожик олимларини диссертация ёзишда плагиатда айбламоқда. Жумладан, мамлакат Президентининг кадрлар масалалари бўйича ёрдамчиси Асадулло Раҳмон (Раҳмонов), Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид (Саидов), Тожикистоннинг Хатлон вилояти собиқ раиси Давлатшо Гулмаҳмадов, Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти институти директори Нарзулло Амиров, Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Халқаро дастурлар марказининг собиқ директори Самардин (Самариддин) Авганов ва бошқа мамлакатдаги таниқли шахслар илмий асар ёзишда виждонсизларча иш юритганликда айбланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ