Туркманистон Беларусдаги меҳнат мигрантлари ва чет эллик жиноятчилар сони бўйича учинчи ўринни эгаллади

turkmenistan-airlines сайти фотосурати

Туркманистон Беларусдаги меҳнат мигрантлари сони бўйича Хитой ва Россиядан кейинги ўринда туради. Бу ҳақда республика ИИВ томонидан эълон қилинган маълумотлар далолат беради, дея хабар берилган Иттифоқдош давлатлар доимий қўмитасининг сайтида.

Беларусга ишлаш учун келган хорижликларнинг асосий қисмини Россия (3243 киши), Хитой (2370), Туркманистон (2087) ва Украина (1369) фуқаролари ташкил қилади. Шу билан бирга, Turkmen.news таъкидлашича, агар Хитойда 1,4 миллиард, Россияда 140 миллиондан ортиқ, Украинада 40 миллиондан ортиқ киши яшаётган бўлса, Туркманистонда аҳоли сони бор-йўғи 7 миллионга яқин, норасмий маълумотларга кўра эса 5 миллион кишидан ортиқ эмас.

Аксарият туркманлар хизмат кўрсатиш соҳасида (400 киши) ва ишчи сифатида (287 киши) ишлашади. Таққослаш учун: хитойликлар кўпроқ бошқарув лавозимларини (177 киши) эгаллашган бўлса, украиналиклар орасида қишлоқ хўжалиги соҳасида (174 киши) банд.

2023 йил охиригача Беларусда талабгир касблар вакиллари рухсатнома олмасдан ҳам ишлаши мумкин бўлган схема амал қилган. Ушбу схемадан 580 нафар хорижлик, жумладан Туркманистон фуқаролари фойдаланишган. Шулардан 187 нафари ҳайдовчи, 26 нафари шифокор, 18 нафари ҳамшира, 9 нафари чилангар сифатида фаолият юритган.

Бундан ташқари, республика Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, энг кўп жиноий ҳуқуқбузарлик содир этган хорижликлар рўйхатидан қозоғистонликлар қатори Туркманистон фуқаролари ҳам ўрин олган. Россияликлар катта фарқ билан етакчилик қилишмоқда — 683 та жиноят ёки чет элликлар томонидан содир этилган барча жиноятларнинг 59,5 фоизи. Иккинчи ўринда Украина фуқаролари (11,1 фоиз, 125 нафар), учинчи ўринда Туркманистон фуқаролари (5,7 фоиз, 65 нафар), тўртинчи ўринда Қозоғистон фуқаролари (2,4 фоиз, 27 нафар).

Туркия визасиз режимни бекор қилганидан кейин Туркманистон фуқаролари меҳнат миграциясининг янги йўналишларини излашга мажбур бўлишмоқда. Шу билан бирга, Беларусь университетлари Туркманистон фуқаролари орасида машҳурдир. Кўпчилик туркманлар учун таълим меҳнат миграциясига туташиб кетган. Баъзида талабалар ноқонуний даромад олиш схемаларига жалб қилинади, масалан, ноқонуний муҳожирларни Яқин Шарқ давлатларидан Польшага олиб ўтишда. Айтганча, яқинда Польша расмийлари Ашхободдан Варшавада консуллик очишни сўраган.