Ўзбекистонлик футболчи Англияни Афғонистонга алмаштирди

Нодирбек Бобомуродов "Аттак Энержи"нинг янги ўйинчилари орасида (ўнгдан биринчи). "Аттак Энержи" матбуот хизмати фотосурати

Футбол бўйича Англияда таълим олган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Нодирбек Бобомуродов Афғонистон чемпионатидаги «Аттак Энержи» клубига ўтди. Бу ҳақда «Азия-Спорт» Телеграм канали хабар берди.

Шартнома тафсилотлари кўрсатилмаган. Бобомуродов Афғонистон чемпионати тарихидаги илк ўзбекистонлик футболчига айланади. Футболчининг ўзи сўнгги олти ойни Англия чемпионати минтақавий лигасининг «Три Бриджес» клубида ўтказган.

Қайд этиш лозим, «Аттак Энержи» яна бир қанча хорижлик футболчилар, жумладан, нигериялик ва эронликлар билан ҳам шартнома имзолаган. Клуб, шунингдек, бир неча йил Қирғизистон чемпионатида тўп сурган ва энг яхши тўпурарга айланган Афғонистон терма жамоаси ҳужумчиси Амируддин Шарифийнинг трансфери ҳақида ҳам эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон терма жамоасини яқинда ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев бошқарганди.

Сўнгги йилларда Афғонистонда профессионал футбол қайта тикланмоқда. Хусусан, «Помир» қурилиш компанияси асосчиси ва эгаси Алҳаж Аҳмад Шоҳ Фақирий яқинда «Аттак Энержи» ҳомийсига айланди. Болалар академияси иш бошлаган, жамоанинг ижтимоий тармоқлари фаол равишда олиб борилмоқда. Чемпионатда чет эллик футболчилар, жумладан, Эрон, Покистон ва Нигериядан келган ўйинчилар майдонга тушишди. Авваллари хорижлик футболчилар Афғонистонга келишмасди. Ўтган мавсумда «Аттак Энержи» Афғонистон чемпиони бўлди ва ОФК Чақирув лигаси саралашида иштирок этиб, Қирғизистоннинг «Абдиш-Ата» жамоасига мағлуб бўлди.

Нодирбек Бобомуродов асли бухоролик. 8 ёшида у Англияга кўчиб ўтган ва у ерда футбол ўйнай бошлаган. У «Кристалл Пэлэс» клуби академиясида таҳсил олган. Бобомуродов Англиянинг қуйи лигаси клубларида ўйнаган. 2023 йили Термизнинг «Сурхон» клубига кўчиб ўтган ва у ерда олти ой ўтказган, бироқ ўз ўрнини топа олмаган.