Хитойдан Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали тўғридан-тўғри темир йўл маршрути бўйлаб Афғонистонга биринчи юк поезди жўнатилди. Бу ҳақда «Синьхуа» хабар берди.
Хитойнинг ZTE телекоммуникация концерни томонидан ишлаб чиқарилган 55 контейнерда алоқа ускуналарини олиб кетаётган поезд Чунцин шаҳрининг Туаньцзецунь станциясидан Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрига йўл олди. Поезд Шинжон-Уйғур автоном туманидаги Хоргос чегара назорат-ўтказиш пунктини кесиб ўтиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали Ҳайратонга етиб боради. Манзилга 12-15 кун вақт сарфланиши кутилмоқда.
«Тўғридан-тўғри темир йўл орқали юк ташиш схемасидан фойдаланилганда, ташиш вақти автомобиль транспортига нисбатан 3-5 кунга, логистика харажатлари эса 15-20 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бу юк ташиш ва етказиб бериш хавфсизлиги ва самарадорлигини кучайтиради», — дейди ZTE компанияси вакили Лю Цзяньфэн.
Мазкур йўналишининг очилиши Чунцин ва Афғонистон, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва алмашинувни янада мустаҳкамлайди, деб ёзади «Синьхуа».
Маҳаллий ҳокимият органларига таяниб, нашрнинг таъкидлашича, шу кунгача Чунцин шаҳридан Хитой-Европа халқаро темир йўл йўналишлари бўйлаб Марказий Осиё давлатлари ҳудуди орқали 18 мингдан ортиқ юк поезди жўнатилган.
ℹ️ 2016 йили Хитойдан Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали Ҳайратонга биринчи тўғридан-тўғри юк поезди жўнатилганди. Поезд 4 миллион долларга яқин ҳар хил товарлар солинган юзта контейнер билан етиб келган. Қайтишда поезд Хитойга мармар, Тибет заъфарони, қуритилган мевалар, гиламлар ва бошқа маҳсулотларни олиб бориши тахмин қилинганди.
Афғонистондан ярим қайта ишланган талк минерал тошлари ортилган биринчи юк поезди 2019 йили Ҳайратон станциясидан Ўзбекистоннинг Амударёдаги «Дўстлик кўприги» автомобиль ва темир йўли орқали Хитой томон ҳаракатланган.