Қирғизистон ҳукумати мактабларда 12 йиллик таълимга ўтишни назарда тутувчи янги давлат таълим стандартини тасдиқлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Бу қадам миллий таълим тизимини халқаро маконга интеграциялаш ва ўқувчиларни тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган, дея тушунтирди ҳукумат.
Янги стандартга кўра, ўқитиш уч босқичга бўлинади:
👉 бошланғич умум таълим — 1-6 синфлар;
👉 асосий умум таълим — 7-9-синфлар;
👉 ўрта умум таълим — 10-12 синфлар;
Асосий ўзгаришлар ўқувчиларни баҳолашда янгича ёндашувлар бўлади. 1-3 синфларда баҳосиз тизим амал қилади, 4 синфдан бошлаб эса ўқув ютуқларини кузатиш учун балл тизими жорий этилади. 7-12 синфларда ўқувчиларнинг ўзини ўзи қадрлаши ва мотивациясини рағбатлантиришга қаратилган мезонларга асосланган баҳолаш қўлланилади. Битирувчиларни якуний баҳолашда ихтисослаштирилган фанлар ҳисобга олинади ва касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилинишига таъсир қилади.
Янги стандарт, шунингдек Қирғизистондаги барча мактаблар учун базавий ўқув дастури, фан стандартлари ва ўқув-услубий мажмуаларни ишлаб чиқишни назарда тутади. Бу ягона таълим майдонини, дастурларнинг узлуксизлигини ва таълим сифатини бошқаришни таъминлаши кутилмоқда.
Қирғизистондаги мактабларда 12 йиллик таълимга ўтиш 2025 йил сентябридан бошланади. Олти ёшли болалар биринчи синфга боради, етти ёшли болалар эса тўғридан-тўғри иккинчи синфга қабул қилинади. Учинчи синфни тамомлаган ўқувчилар бешинчи синфга, олтинчи синфни тугатганлар саккизинчи синфга ўтади.
12 йиллик мактабни тамомлаганлик тўғрисидаги дастлабки аттестатлар 2027/2028 ўқув йили охирида берилади. Тўлиқ 12 йиллик мактабнинг биринчи битирувчиси 2036/2037 ўқув йилида, 2019 йилда туғилган болалар мактабни битиради.
Қирғизистон Таълим вазири Доғдурқул Кендирбаеванинг сўзларига кўра, бакалавриатда ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқартирилади, чунки университет дастурининг бир қисми мактабларда ўрганилади: юқори синфларда математика, физика, кимё ва тил фанларини чуқур ўрганиш билан ихтисослаштирилган таълим жорий этилади.
▶️ Ягона порталда оилавий таълимни жорий этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Шундай қилиб, умумтаълим муассасаларига бориш учун жисмоний имконияти бўлмаган республика резидентларига давлат томонидан ҳужжатлар бериш орқали мактаб таълими имкониятларини кенгайтириш таклиф этилади.