Қирғизистонда 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар тўхтатилган жойнинг ўзида йўл ҳаракати қоидаларини билими бўйича экспресс имтиҳондан ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров топшириқ берди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот котиби Аскат Алагозов.
Агар ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларига оид саволларга жавоб бера олмаса, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси вақтинча олиб қўйилади ва «Унаа» давлат муассасасига юборилади. Бироқ, гувоҳнома бекор қилинмайди. Ҳайдовчи исталган қулай вақтда қайта имтиҳон топшириши ва ундан муваффақиятли ўтган тақдирда ҳужжатни қайтариб олиши мумкин.
Алагозовнинг сўзларига кўра, кўпчилик ҳайдовчилар гувоҳномани йўл ҳаракати қоидаларини ўрганмай, шунчаки сотиб олаётгани учун шундай чора жорий этилмоқда. 2020 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномалари оммавий равишда 15-20 минг сомга (ҳозирги курс бўйича 175 доллар – 233 доллар) сотилган ва ҳайдовчиларнинг атиги 20-30 фоизи имтиҳонларни ростдан топширган.
«Йўл ҳаракати қоидаларини билмаслик туфайли юзлаб бахтсиз ҳодисалар рўй бермоқда, одамлар ҳалок бўлмоқда, болалар етим қолмоқда, оилалар боқувчисини йўқотмоқда. Кўпчилик ногирон бўлиб қоляпти. Биз бу фожиани тўхтатишимиз керак», — дейилади хабарда.
Ҳар бир такрорий тест учун тўлов олинади: биринчи уриниш 500 сом (6 доллар), иккинчиси 1000 сом (11,5 доллар), учинчиси учун 2000 сом (23 доллар), тўртинчиси учун 4000 сом (46,5 доллар). Барча текширув жараёни видеога ёзиб олинади.
«Ушбу механизм ҳайдовчиларнинг тест синовларига жиддийроқ тайёрланиши учун яратилган. 1 сентябргача ҳали беш ой бор. Йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмайдиганлар учун уларни ўрганишни ҳозирдан бошлашни маслаҳат берамиз. Агар 1 сентябрдан кейин гувоҳномангиз вақтинча «Унаа»га юборилса, ғазабланманг», — деб ёзади Алагозов.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизматининг 24.kg нашрига маълум қилишича, президентнинг расмий топшириғи ҳали келиб тушмаган, бироқ идоралараро ишчи гуруҳ тузиш режалаштирилган. Унда ҳайдовчилик гувоҳномаларини йиғиб олиш механизмлари, имтиҳонларни қайта топшириш муддатлари ва бошқа тартиблар ишлаб чиқилади. Шунингдек, Жиноят кодекси ва Йўл ҳаракати қоидаларига киритиладиган ўзгартиришлар ишлаб чиқилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторлари ўтказган сўровлар шуни кўрсатадики, Қирғизистонда ҳайдовчиларнинг 70% га яқини йўл ҳаракати қоидаларини билмайди, 91% йўл-транспорт ҳодисалари уларнинг айби билан содир бўлмоқда.
ℹ️ «Унаа» давлат муассасасига транспорт воситаларини рўйхатга олиш ва давлат рақамларини бериш, малака имтиҳонларини ташкил этиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш ваколати берилган. У Қирғизистондаги барча транспорт воситалари ва ҳайдовчиларга оид маълумотлар базасига эга.