Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Чақирув лигаси ярим финали жавоб учрашувида Туркманистоннинг «Аркадаг» футбол клуби Қувайтнинг «Ал-Араби» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва икки учрашув якунига кўра (3:2) турнир финалига йўл олди.
Қувайтда бўлиб ўтган биринчи ярим финал учрашуви 2:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлган эди. Жавоб ўйинида эса финал йўлланмасини кафолатлаш учун «Аркадаг» йирик ҳисобда ғалаба қозониши керак эди, якунда буни амалга оширди.
Ўйиннинг еттинчи дақиқасидаёқ Шаназар Тиркишов рақиб жарима майдончаси ичида ҳимоячиларни алдаб ўтди ва аниқ зарба билан ҳисобни очди. Тезкор гол меҳмонларни бироз саросимага солиб қўйди, улар комбинацион ўйин йўлга қўйишда унчалик муваффақият қозона олишмади. Туркманистонлик футболчилар прессингда давом этишди. 58-дақиқада Олтимурод Аннадурдиев «Аркадаг» ҳисобини оширди. Туркманистонликларнинг ғалаба голи ўйиннинг 94-дақиқасида, қўшимча вақтга йўл олган пайтда содир бўлди. Тиркишов дубль қайд этди.
Ярим финалнинг бошқа баҳсида Камбоджанинг «Свай Риен» ва Индонезиянинг «Мадуро Юнайтед» бахслашади. Биринчи ўйинда Камбоджа терма жамоаси ўз майдонида 3:0 ҳисобида зафар қучганди. Индонезиядаги жавоб ўйини 17 апрель куни бўлиб ўтади.
«Аркадаг» — клуби халқаро клуб турнирларида қатнашишда давом этаётган Марказий Осиёнинг ягона вакилидир.