Қирғизистон матбуот эркинлиги индексида 24 поғона пастлади, минтақанинг учта давлати кўтарилди

rsf.org сайти фотосурати

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилотининг 2025 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Қирғизистон 24 поғона пастга тушиб кетган ва ҳозирда 180 та мавжуд давлат орасида 144-ўринни эгаллаган.

Ташкилотнинг қайд этишича, авваллари нисбатан сўз ва матбуот эркинлиги билан Марказий Осиё давлатлари орасида ажралиб турган Қирғизистонда ҳозир матбуотга босим кучаймоқда. Ҳукумат анъанавий оммавий ахборот воситаларини назорат қилади ва хусусий нашрларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Мамлакатдаги коррупциянинг юқори даражаси туфайли, тергов хабарлари жамоатчиликка қизиқиш уйғотади, аммо жамиятнинг аксарият қисми мустақил оммавий ахборот воситаларини «халқ душмани» ва «Ғарбнинг қули» сифатида кўрсатадиган ҳукумат ташвиқоти таъсирида.

Оммавий ахборот воситаларидан кўпинча сиёсий етакчилар ўз шахсий манфаатларини таъминлаш мақсадида фойдаланадилар, давлат идоралари эса журналистларнинг ахборот олиш имкониятини чеклайди. Кўпроқ веб-сайтлар ўзбошимчалик билан тўсиб қўйилмоқда, таҳририятлар ва журналистлар сохта айбловлар асосида рейдлар ва таъқибларга дучор бўлмоқда, айниқса, ҳокимият тепасида турганларга нисбатан тергов ишларини чоп этаётганлар.

Сўнгги йилларда цензура кучайиши ва матбуот эркинлигини чекловчи қонунлар қабул қилиниши тенденцияси кузатилмоқда. Шу тариқа Президент Садир Жапаров конституция ва халқаро шартномаларга зид бўлган ёлғон маълумотлардан ҳимояланиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

RSF таҳлилчиларига кўра, минтақа давлатлари орасида Қозоғистонда матбуот эркинлиги бўйича ҳолат яхши – мамлакат рейтингда бир поғонага кўтарилиб, 141-ўринни эгаллаган. Учинчи ўринда 148-ўринни эгаллаган Ўзбекистон. Икки поғонага кўтарилган Тожикистон 153-ўринга, Туркманистон 175-ўриндан 174-ўринга кўтарилган.

Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Эритрея охирги ўринда (180), Шимолий Корея (179) ва Хитой (178) бироз юқорироқ. Қайд этиш лозим, қуйи ўнликка RSF томонидан 171-ўринни эгаллаган Россия, Афғонистон (175) ва Эрон (176) киритилган.

Дунёда матбуот эркинлиги бўйича энг яхши ҳолат Норвегия, Эстония ва Нидерландияда кузатилади. Америка Қўшма Штатлари 57-ўринни эгаллаган (ўтган йилга нисбатан 2 поғонага пайсайган), Туркия эса 159-ўринда (1 поғонага пасайган).

2025 йили дунёда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият биринчи марта «мураккаб» бўлган – журналистик фаолият учун шарт-шароитлар мамлакатларнинг ярмида ёмонлашган ва ҳар тўртта давлатдан бирида қониқарли бўлган. Оммавий ахборот воситалари таҳририят мустақиллигини сақлаб қолиш ва иқтисодий омон қолиш ўртасида қолиб кетган.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти муҳаррири Анн Боканде назарида эркин ва мустақил матбуот барқарор ва шаффоф молиявий шароитларни талаб қилади. Иқтисодий мустақиллик бўлмаса, оммавий ахборот воситалари олигархлар ёки ҳокимият қўлидаги воситага айланиб қолиш хавфини туғдиради ва рейтинг пойгаси контент сифатининг пасайишига олиб келади. Молиявий қийинчиликларга дуч келган журналистлар дезинформация ва ташвиқотга қарши туриш қобилиятини йўқотади. Ишончли ахборотни тайёрлашни кафолатлайдиган медиа-иқтисодни тиклаш катта харажатлар ва кенг кўламли ечимларни талаб қилади.

RSF ҳисоботида қайд этилишича, 180 мамлакатдан 160 тасида оммавий ахборот воситалари катта қийинчилик билан ишламоқда ёки собит фаолият юритишга қодир эмас. 92 мамлакатда таҳририят мустақиллиги оммавий ахборот воситалари эгалари томонидан тез-тез ёки мунтазам равишда чекланмоқда. Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи (56,7%) истиқомат қилаётган 42 та давлатда матбуот эркинлиги умуман йўқ, у ерда журналистика эса ўта хавфли касб ҳисобланади.

Ҳисобот 3 май куни нишонланадиган Жаҳон матбуот эркинлиги кунига атаб эълон қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ