Қирғизистонлик тарихчи Норинбек Алимқулов кўп йиллик изланишлари натижасида Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган Қирғизистон Республикасининг яна етти нафар фуқароси номини аниқлашга муваффақ бўлди, деб хабар берди 24.kg.
Архив ҳужжатлари мазкур шахсларнинг Қирғизистон ҳудудидан фронтга чақирилгани ва/ёки урушдан кейин республикада яшаб, вафот этганини тасдиқлайди.
Топилмалар ҳақида олимнинг 2022 йил вафот этган ҳамкасби хабар беришган. Унинг фаолияти натижалари эндигина маълум бўлган. Илгари 73 нафар Қирғизистон Қаҳрамони номи адабиёт ва дарсликларда тилга олинган бўлса, ҳозир уларнинг сони 80 нафарга етди.
Янги аниқланган номлар орасида:
✅ Максим Алексеев (1911–1986), Бишкекда дафн этилган;
✅ Николай Андреев (1905–1974), Ала-Арча қабристонига дафн этилган;
✅ Пётр Дернов (1925–1945), Фрунзе вилоятидан ҳарбий хизматга чақирилган;
✅ Пётр Сидоров (1926–1972), Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳар ички ишлар органларида хизмат қилган;
✅ Иван Спицин (1914–1979), Бишкек жануби-ғарбий қабристонига дафн этилган;
✅ Иван Чернов (1924–1962), Ала-Арча қабристонига дафн этилган;
✅ Михаил Шатов (1919–1967), республика Энергия таъминотида ишлаган.
Улар ҳақидаги маълумотлар Норинбек Алимқуловнинг 2025 йили чоп этилган «Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва Шон-шараф ордени тўлиқ эгалари – қирғизистонликлар: янги фактлар, номлар» китобида чоп этилган. Китоб Қирғизистон Миллий Фанлар академияси Бегимала Жамғирчинов номидаги Тарих, археология ва этнология институтида мавжуд.
ℹ️ Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2024 йили Ғалаба байрами муносабати билан йўллаган табригида «фашист босқинчиларига қарши жангларда кўрсатган қаҳрамонлиги ва жасорати учун 150 мингдан ортиқ қирғизистонлик қўмондон ва аскарлар орден ва медаллар билан тақдирлангани, улардан етмиш нафаридан ортиғи Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлганини ҳар йили фахр билан таъкидлаб ўтамиз», деди.