Қирғизистон президенти Садир Жапаров 15 май куни бир қатор тайинловларни амалга оширди.
Бунгача мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келган Марат Иманқулов Давлат котиби этиб тайинланди. Унинг янги лавозимдаги ўтмишдоши Суюнбек Қосмамбетов ўша куни бошқа ишга ўтгани сабабли лавозимидан озод этилганди. Қосмамбетов ижтимоий тармоқларда ёши туфайли ишдан кетганини тушунтирди — у 8 апрель куни 65 ёшга тўлган.
Қирғизистон Мудофаа вазири лавозимини эгаллаб келган Бактибек Бекболотов Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини эгаллади.
Руслан Мукамбетов Мудофаа вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. aktus.Media қайд этишича, у 13 апрелга қадар Қирғизистон Мудофаа вазири ўринбосари ва Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи лавозимларида ишлаган, кейин эса лавозимидан четлаштирилган, истеъфо сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.
Шу куни Садир Жапаров Доғдурқул Кендирбаевани Таълим вазири, Бактияр Ўрозовни Фан, маориф ва инновациялар вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Бундан бир неча кун аввал Таълим ва фан вазирлиги ҳамда Интеллектуал мулк ва инновациялар давлат агентлиги негизида Фан, маориф ва инновациялар вазирлиги ташкил этилган эди.