Қирғизистонда ички ишлар органи собиқ раҳбари Қўлбаев билан алоқадор бўлгани учун ҳибсга олинди

Талас Бегалиевнинг қўлга олиниши. akipress.org сайти фотосурати

Чуй ва Талас вилоятлари уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи Талас Бегалиев уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматига таяниб, Kaktus.Media нашри хабар берди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Бегалиев 2022 йил июлида тергов изоляторида камерадоши томонидан ўлдирилган криминал авторитет Доо Чингиз (Чингиз Жумагулов)нинг «ўкул отаси» бўлган. Жумагулов 2023 йил октябрь ойида ўтказилган махсус операция вақтида ўлдирилган Қамчи Кўлбаевнинг (Коля қирғиз) уюшган жиноий гуруҳи аъзоси бўлган.

Бегалиев 1998-2016 йиллари ички ишлар органларида турли лавозимларда ишлаган. У Қирғизистон кок-бору терма жамоасини бошқарган, кейин эса ушбу спорт тури федерациясини бошқарган.

Бегалиев билан бирга ноолимпия спорт турлари бўйича дирекция бошлиғи Асеин Торогелдиев ва Думагуловнинг шериги сифатида танилган Чингиз Талайбек уулу ҳибсга олинган. Учаласи ҳам уюшган жиноятчиликда иштирок этиш, уюшган жиноий гуруҳларни молиялаш ва товламачиликда гумон қилинмоқда.

Қирғизистон МХДҚ маълумотларига кўра, уюшган жиноий гуруҳ раҳбарлари — Қўлбаев, Алмамбет Анапияев ва Жумагуловлар бир қирғизистонликдан Чуй вилоятининг Қора-Жигач қишлоғида қиймати 2 миллион долларлик икки гектар ер участкасини ноқонуний равишда тортиб олган. Кейинчалик бу участка Бегалиевга яқин шахсларга ўтказилган. Бундан ташқари, қўлга олинганлар жабрланувчидан 300 минг доллар олиб, Кўлбаевга топширишган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг таъкидлашича, Бегалиев Ички ишлар вазирлигида ишлаган вақтида Кўлбаевнинг жиноий гуруҳи аъзоларига ҳомийлик қилиб, уларни ҳимоя қилиб, расмий маълумотлар билан таъминлаб келган.

ℹ️ 2023 йил ноябрь ойида МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонни 2026 йилгача жиноятдан тозалашга ваъда берган эди. Бу Қамчибек Кўлбаев ўлдирилганидан кўп ўтмай содир бўлди. Ташиев уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини «жамиятга қарши бош кўтаришга уринган» ҳар қандай шахс қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ