Тошкент суди таниқли собиқ депутатни туҳмат ва ҳақорат учун беш йилга ҳукм қилди

Қобул Дусов. хabar.uz сайти фотосурати

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Кенгашининг собиқ депутати Қобул Дусов 5 йилу 2 ой муддатга умумий режимли колонияга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Ҳукм 16 июнь куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди томонидан чиқарилган. Дусов туҳмат, ҳақорат қилиш ва ёлғон хабар беришда айбдор деб топилди. Мазкур иш бўйича жабрланганлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимлари ва Чирчиқ шаҳри ИИБ Пробация бўлими катта инспектори бўлган.

Суд Дусовга нисбатан илгари чиқарилган ҳукмларни, жумладан, Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири ўринбосарини ҳақорат қилганлик учун жазони инобатга олди ва муддатларни қўшиб, якуний жазо тайинлади. Бундан ташқари, суд Дусовнинг ижтимоий тармоқлардаги профилларини блокировка қилишга қарор қилди.

ℹ️ Қобул Дусов ўзининг кескин баёнотлари ва таълим тизимини танқид қилишлари билан танилган. 2019 йили у «Миллий тикланиш» партиясини обрўсизлантирган ва жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган баёнотлари учун партиядан чиқарилган. Ижтимоий тармоқларда Дусов бир неча бор аёлларнинг сиёсатдаги иштирокига қарши чиққан, бу ҳам кенг резонансга сабаб бўлган. Жумладан, у «агар аёллар ва болалар сиёсатда ҳукмронлик қилсалар, мамлакат парчаланади» ва аёллар «эркакларга нисбатан ёмонроқ фикрлайдилар» деб таъкидлаган.

Дусов бундан олдин ҳақорат ва эркинликни чеклаш шартларини бузгани, жумладан, тақиқларга қарамай интернетдан фаол фойдалангани учун жавобгарликка тортилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия тарғиботи қозоғистонликларга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида

  • Оға Хон жамғармаси Кобулдаги қадимий Боло-Ҳисор қалъасини археология паркига айлантирмоқда

  • Нима учун Пекин умумий чегарага эга бўла туриб, толиблар билан Марказий Осиё орқали савдо қилаётгани ҳақида

  • Нима учун хитойликлар спиртли ичимликларни кўллар билан ўлчаши ва Фарғона узуми империянинг таъм дидини абадий ўзгартириб юборгани ҳақида