Путин Трамп ва Си билан учрашувдан сўнг Россия ҳарбий базаси масаласини муҳокама қилиш учун Душанбега келди

Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон. Фото: khovar.tj сайтидан

Россия президенти Владимир Путин 20 ноябрь куни Хитойдан Душанбега келди. У бир кун аввал Хитойда АҚШ президенти Дональд Трамп ва ХХР раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказган эди. Аэропортда меҳмонни Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон кутиб олди. Ташрифнинг асосий мавзулари Афғонистон бўйича ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик ҳамда ушбу Марказий Осиё давлати ҳудудидаги Россия ҳарбий базасининг келгуси фаолияти бўлади, деб хабар бермоқда «Ховар» агентлиги.

Путин 18–19 ноябрь кунлари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммитида иштирок этди. Сафарнинг сўнгги кунида у Трамп билан алоҳида музокаралар олиб борди, шундан сўнг Россия, АҚШ ва Хитой етакчиларининг илк уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Унинг якунларига кўра томонлар халқаро хавфсизлик ва стратегик барқарорликка содиқ эканликларини билдириб, тинчлик бўйича қўшма декларация қабул қилишди.

Музокаралар Украинадаги урушни эҳтимолий тартибга солиш муҳокамалари фонида кечди. The Washington Post нашрининг 14 ноябрда хабар беришича, Москва ўз талаблари қаторига НАТОнинг нафақат Украина ва Шарқий Европада, балки Жанубий Кавказ ҳамда Марказий Осиёда ҳам ҳар қандай ҳарбий фаолиятдан воз кечиши шартини киритган.

Шундай қилиб, Москва таклиф этаётган шартлар Россия ҳарбий объектлари жойлашган Марказий Осиё давлатлари манфаатларига бевосита дахлдордир. Улар орасидаги энг йириги — Тожикистондаги 201-ҳарбий база ҳисобланади. Душанбега етиб келиш арафасида Путин уни минтақавий хавфсизликнинг ҳақиқий кафолати деб атади ва Раҳмон билан ушбу объектнинг келгуси фаолияти масалаларини муҳокама қилиш ниятида эканини билдирди.

Музокараларнинг яна бир мавзуси Афғонистон бўлади. Путин 12 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари Алексей Оверчук бошчилигидаги Россия ҳукумати делегациясининг Кобулга ташрифи якунлари ҳақида Раҳмонга ахборот беришни режалаштирмоқда. Москва маълумотларига кўра, у ерда тахминан 169 миллион долларлик шартномалар тузиш бўйича 11 та ният меморандуми имзоланган. Ҳужжатлар савдо, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни назарда тутади. Дарвоқе, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида Россия ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан кўпроқ ошиб, 349 миллион доллардан ошди.

Москванинг Афғонистондаги амалдаги ҳукумат билан муносабатларини ривожлантириши ушбу давлат билан узун чегарага эга Тожикистон учун муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, иттифоқчиларнинг Кобулга нисбатан тутган йўли фарқ қилади. 2025 йил июль ойида Россия дунёда биринчи бўлиб «Толибон» ҳукуматини расман тан олди, Душанбе эса анча эҳтиёткор мавқени сақлаб қолмоқда ва Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузиш тарафдори сифатида чиқмоқда.

Хавфсизлик масалаларидан ташқари, президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни ҳам муҳокама қилиш ниятида. Россия Тожикистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,47 миллиард долларга етди. Икки томонлама алоқаларда меҳнат миграцияси ҳам муҳим ўрин тутади: Россияда юз минглаб тожикистонликлар меҳнат қилади, хориждан юборилаётган пул ўтказмалари эса республика иқтисодиётида салмоқли ўринга эга.

Путиннинг Тожикистонга аввалги ташрифи 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтган эди. Ўшанда томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчиликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот, шунингдек, миграция, хавфсизлик, транспорт ва савдо соҳаларига оид 16 та ҳамкорлик ҳужжатини имзолаган эдилар.

201-ҳарбий база 2004 йилда Тожикистонда совет давридан буён турган мотоўқчилар дивизияси негизида ташкил этилган. Унинг бўлинмалари Душанбе ва Бохтар шаҳарларида жойлашган. 2012 йил октябрь ойида имзоланган келишувга кўра, россиялик ҳарбийлар республика ҳудудида камида 2042 йилгача қолиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ