Красноярск ўлкасида хавфсизлик кучлари ўзбек хонандаси концерти пайтида мигрантлар устидан рейд ўтказди

Россия ИИВ Красноярск ўлкаси бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати видеосидан кадр

23 сентябрга ўтар кечаси Красноярск ўлкасида хавфсизлик кучлари ўзбек хонандаси Жалолиддин Ахмадалиевнинг концертига ташриф буюрган меҳнат мигрантлари устидан рейд ўтказди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Красноярск ўлкаси бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати ва newslab.ru сайти хабар берди.

Емеляновский туманидаги Солонци қишлоғидаги «Корона» банкет залида ўлка полицияси, Федерал хавфсизлик хизмати ва Россия Миллий гвардияси махсус кучлари томонидан кенг кўламли рейд ўтказилган. Рейддан кўзланган мақсад РФда ноқонуний яшаётган чет эл фуқароларини аниқлаш ва уларнинг гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлигини аниқлашдан иборат бўлган.

«Корона»даги концертга 620 га яқин киши ташриф буюрган, улардан 210 нафари чет эллик бўлган. Хавфсизлик кучлари ҳар бир меҳмонни синчиклаб текширган, бироқ тақиқланган моддалар ёки нарсаларни топмаган.

ИИВ бош бошқармаси тарқатган видеога кўра, залда кўплаб аёллар ва болалар бўлган. Росгвардия ходимлари зиёфат залидаги одамларни хизматчи итлар ёрдамида ҳужжатларини текширишган ва тинтув ўтказишган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари назорати остида бир гуруҳ эркаклар саф тортилиб, кейин залдан чиқариб юборилгани ҳам видеога олинган. Айрим одамларни қўлларини қайирган ҳолда полиция микроавтобусига мажбуран ўтқазишган.

Рейддан сўнг 26 нафар хорижлик қўшимча текширув ва ҳуқуқий ҳолатни аниқлаш учун полиция бўлимига олиб кетилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улардан саккиз нафари миграция қонунчилигини бузган ҳолда Россияда бўлган. Улар қайси мамлакат фуқаролари эканига аниқлик киритилмаган.

Рейддан сўнг полиция 19 та маъмурий баённома тузган: Маъмурий кодекснинг 18.8-моддаси («Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан РФга кириш ва яшаш қоидаларини бузиш») бўйича ўнтасига нисбатан, 18.11-моддаси («Иммиграция қоидаларини бузиш») бўйича учтасига ва олтитасига 18.9-моддаси («Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг РФ ҳудудида бўлиш қоидаларини бузиш») бўйича. Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 322.3-моддаси («Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни сохта рўйхатга олиш») билан 3 та иш очилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дея аниқлик киритади ИИВнинг ўлка бўйича бош бошқармаси.

Ўзбекистон Миграция агентлиги воқеа юзасидан муносабат билдирди.

«Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, лицензияга эга адвокат воқеа жойига юборилди. Айни пайтда мазкур ҳолат Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилиги доирасида ўрганилмоқда», — дейилади Агентликнинг 24 сентябрда эълон қилган хабарида.

ℹ️ Ўтган ёзда Москвада Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган мигрантларнинг оммавий ҳибсга олиниши билан боғлиқ камида иккита шов-шувли воқеа кузатилганди. Июнь ойида Москва хавфсизлик кучлари мигрантлар ётоқхонасида шиддатли рейд ўтказиб, бир неча кишини иммиграция қоидаларини бузганликда гумон қилиб ҳибсга олган эди. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаб, воқеа юзасидан изоҳ ва хавфсизлик кучларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраганди. Август ойида худди шу сабаб билан Москванинг марказида Павелецкий вокзали яқинида жойлашган ётоқхонада ўтказилган рейд чоғида 300 нафар чет эл фуқароси қўлга олинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ