Ўзбекистондаги энг нуфузли собиқ сиёсатчилардан бири Исмоил Жўрабеков вафот этди

Исмоил Жўрабеков марказда. dunyouzbeklari.com сайти фотосурати

1990-2004-йиллари Ўзбекистоннинг энг нуфузли сиёсатчиларидан бири бўлган Исмоил Жўрабеков 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бу ҳақда у сўнгги йилларда вазирнинг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд вилоятида туғилган. 1955 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган. Совет даврида Ўзбекистон ССР мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Республика Вазирлар Кенгаши ва Давлат Агросаноат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 9—11-чақириқлар Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати этиб сайланган.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида Жўрабеков мамлакат агросаноат комплексига раҳбарлик қилган. 1994-1998-йиллари у Бош вазир ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, 2000-2004-йиллари Ўзбекистон Президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Жўрабековни Ўзбекистоннинг биринчи президенти, 2016 йил сентябригача мамлакатни бошқарган Ислом Каримовнинг устози ва мамлакатдаги энг нуфузли шахс деб билишган.

Жўрабековнинг сиёсий фаолияти 2004 йил февралида якунига етади. Унинг президент давлат маслаҳатчиси лавозимидан истеъфога чиқиши «нафақага чиққанлиги сабабли» ибораси билан изоҳланган. Бироқ, орадан бир йил ўтиб ҳукуматнинг «Народное слово» газетасида Жўрабеков фаолиятини кескин танқид қилувчи мақола чоп этилган.

Мақола муаллифи, Ўзбекистон Бош прокуратураси бўлим бошлиғи Жўрабековнинг қишлоқ хўжалигига бозор усулларини жорий этиш бўйича ҳукумат ислоҳотларини амалга оширолмагани ва соҳанинг устувор йўналишларига эътибор бермагани, булар ўз навбатида ишлаб чиқаришнинг пасайишига сабабчи бўлгани ва мамлакат иқтисодиётига зарар етказгани ҳақида ёзган. Қолаверса, Жўрабеков маслаҳатчи сифатида фаолият юритаётганда ўз ваколатлари доирасидан ташқари ўзбошимчалик билан қарорлар қабул қилган, бошқарув ишларига ноқонуний аралашган, нотўғри кўрсатмалар берган ва бу салбий оқибатларга олиб келган.

Жўрабековга нисбатан давлат маблағларини ўзлаштириш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айби билан жиноят иши қўзғатилган, бироқ у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани, шунингдек, ёши (73) ва соғлиғи сабабли жиноий жавобгарликка тортиш президентнинг 2004 йил 1 декабрда мамлакат Конституциясининг ўн икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги фармони асосида тўхтатилган.

Узоқ муддатли танаффусдан сўнг Жўрабеков давлат хизматига қайтади – 2021 йили Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ