Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ноёб осори-атиқалар совға қилинди

Артефакт топширилиши. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Пойтахтдаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) музейига ноёб осори-атиқаларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Ҳадячилар орасидан дунёга машҳур музейлар, шунингдек, шахсий коллекциячилар ҳам ўрин олганди.

26-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтган «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» форуми якунлари бўйича Sevimli телемедиа мажмуасининг анжуманлар залида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олимлар иштирок этди.

Саҳнада таниқли эстрада хонандалари ва рақс гуруҳи чиқиш қилди. Ҳар бир ҳадячи саҳнага чиқди ёки онлайн-режимга қўшилди, артефактлар ҳақида гапирди ва Ўзбекистон ва ИЦМ раҳбариятини табриклади.

ИЦМ ходимлари Лондонга ташрифи давомида учрашган Буюк Британия вакиллари Марказ музейи фондини кенгайтиришдан фаол манфаатдор эканликларини таъкидладилар. Шундай қилиб, Британиянинг Дэвид Аарон санъат галереяси исломгача бўлган давр маржонларини ҳадя қилди, улар ўз даврида нафақат заргарлик буюмлари, балки валюта сифатида ҳам ишлатилган. Лондондаги Momtaz Islamic Art галереяси Сафавийлар давридаги ноёб тўй болтасини совға қилди, ИЦМ вакиллари уни бу йил сотиб олишни умид қилган, бироқ харидни кейинга сурганди. Лондоннинг яна бир галереяси — Yacob`s Gallery темурийлар даврига оид лаганларнинг гўзал коллекциясини (сопол идишлар) юборди. Британиялик коллекциячи Сэм Фогг ўрта асрларга оид металл ва бронза буюмлар тўпламини совға қилди. Доктор Фируза Мелвилл Кембриж университети номидан ХХ аср бошида тўқилган гиламни совға қилди. Лондоннинг Mansour Galleryси «Шоҳнома»нинг XVI асрда кўчирилган нусхаси саҳифаларини тақдим этди.

Россиянинг «Медина» нашриёти диний мавзудаги илмий-маърифий адабиётлар тўпламини совға қилди.

Ўзбекистонлик ҳадячилар ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар. Sevimli телеканали 20 та энг машҳур меъморий ёдгорликлар макетлари тўпламини намойиш этди. Тошкентдаги Аrt Vernisage аукцион уйи XVIII асрга оид астролаблар тўпламини совға қилди. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди марказнинг музей фондини XIX-XX асрларга оид Қуръонларии билан бойитди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан Сурхондарё вилоятида топилган 1—3 асрларга оид Кушон империясига тегишли ноёб тангалар жамланмаси географик хариталар тўплами билан бирга совға қилинди. ИЦМ директори Фирдавс Абдухолиқов унинг оиласи томонидан сотиб олинган ва Тошкент вилоятидан топилган Византия аскарларига тегишли бўлган V-VI асрларга оид олтин буюмлар коллекциясини музейга совға қилди.

«Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги икки кунлик форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.