Ўзбекистон президенти экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Жорий йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистон экспорти 23 миллиард долларни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга кўп бўлди. Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев уни йил охиригача 7,3 миллиард долларга кўпайтириб, хорижга экспорт қилинадиган маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 30 миллиард доллардан зиёдга етказиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган йил давомида экспорт 26,9 миллиард долларга етган. Шу боис ҳукуматнинг иқтисодий блоки президент топшириғини бажарса, янги рекорд ўрнатилади.

Йиғилишда жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажмини 33,5 миллиард долларга етказиш зарурлиги ҳам таъкидланди. Президент ҳамкорлар билан янада фаол ҳамкорлик қилиш ва янги бозорларни кенгайтириш мақсадини белгилаб берди.

Тегишли вазирликлар вакиллари инвестициялар ва экспорт ўсиши барча ҳудудларда кузатилмаётгани, айримларида эса пасайиш кузатилаётганини таъкидладилар. Вазиятни ўнглаш учун Мирзиёев АҚШнинг алоҳида штатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишни буюрди. Ҳар бир вилоят муайян штат билан ҳамкорлик ўрнатиб, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий шериклар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришига кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда пахта йиғим-терими масаласи муҳокама қилинди. Расмий маълумотларга кўра, жорий йили Ўзбекистонда 875 минг гектар майдонга пахта экилган. Фермерлар билан 3,7 миллион тонна пахта хомашёси йиғиштириб олиш бўйича шартномалар имзоланган. Режани бажариш учун 900 дан ортиқ техника ишга туширилиб, тадбиркорларга имтиёзли нархларда ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари етказиб берилди.

Аммо ҳамма ишлар ҳам силлиқ кетмаяпти. Сурхондарё, Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларида режа амалга оширилаётган бўлса, Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятлари ортда қолмоқда.

Президент қисқа вақт ичида жойларда фавқулодда штаблар тузиб, ҳосилни сифатли йиғиб олиш, фермерларни ўйлантираётган масалаларни тезкор ҳал этиб бориш бўйича кўрсатмалар берди. Масъулларга терилган пахта учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш топширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ