Ўлим жазосини шунинг учун ҳам жорий қилиш керакки, ҳозирда қамоқхоналар жиноятчиларни қўрқитмай қўйган, чунки қамоқхоналардаги шароитлар ўта юмшоқ бўлиб қолган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Маҳкумлар режимда яшайди, уч маҳал текин овқат ва кийим-кечак билан таъминланади, муассасаларда ишлаш ва маош олиш имкониятига эга, баъзилари эса оиласига пул жўнатади, деди президент.
«Илгари маҳкумлар оиласи ёки яқинларининг қамоқхонадан ташқаридаги ёрдамига — озиқ-овқат, кийим-кечак ва пулга муҳтож эди. Бундан ташқари, улар учун қамоқда ўтиришнинг ўзи етарли бўлмай қолган, улар ўғрилар субкултурасини қўллаб-қувватлаш учун «ўғрилар ўлпони» орқали ҳам пул йиғишади», — деди Жапаров.
Унинг фикрича, ўлим жазосининг жорий этилиши жиноятчиларни ўз шаштидан қайтаради ёки ҳеч бўлмаганда жиноятлар сонини сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Жапаровнинг сўзларига кўра, зўравонлик жиноятлари, жумладан, қотиллик ва зўрлаш кўпайиб бораётгани «жамият норозилигини кучайтириб, уни чуқур ларзага келтираётгани» туфайли ўлим жазосини жорий этиш зарурати долзарб бўлиб қолган.
У 2021–2025 йиллардаги статистик маълумотларни келтирди:
▪️ Қирғизистон Жиноят кодексининг 122-моддаси («Қотиллик») бўйича 2021 йили 39 та ҳолат қайд этилган бўлиб, улардан иккитаси 14 ёшгача бўлган болалар, биттаси 14–18 ёшдаги ўсмирлар ва 36 таси аёллар билан боғлиқ бўлган. 2022 йили 43 та, 2023 йили 25 та, 2024 йили яна 43 та, 2025 йилнинг 8 ойида 28 та жиноят қайд этилган;
▪️ 154-моддаси («Зўрлаш») бўйича жиноятларнинг кўпайиши кузатилган: 2021 йили қайд этилган 80 та ҳолатдан 2023 йили 175 тага кўпайган, кейин 2024 йили 107 тага ва 2025 йилнинг 8 ойида 81 тага камайган.
Президент, айниқса, болаларга қарши жиноятлар ортиб бораётганидан хавотирда: 2025 йили 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан 20 та, 14-18 ёшли ўсмирларга нисбатан эса 42 та зўрлаш ҳолатлари қайд этилган.
Жапаров, айниқса, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончнинг пастлиги шароитида бегуноҳ одамларга нисбатан ўлим жазосини ўринсиз қўллаш хавфи ҳақида сўралганда, бундай хавфларни минималлаштириш учун техник ва ҳуқуқий кафолатлар зарур, деб жавоб берди. У тергов ишларини видеотасвирлар асосида олиб боришни, шаффофликни ошириш учун суд жараёнларини жонли эфирда кўрсатишни таклиф қилди.
«Бундан ташқари, суд жараёнига ҳар икки томон вакилларини жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Масалан, кечаги зўрлаган маҳкумнинг онаси интернет орқали жамоатчиликка мурожаат қилиб, «Мен фарзандим учун ўлим жазосига розиман», деди. Шу боис қариндошлари судда қатнашиб, ҳаммасини ўз кўзлари билан кўрса, ишонишади», — деди Жапаров.
Президент ўлим жазоси фақат вояга етмаганларни ўлдириш ва зўрлаш учун қўлланилишини таъкидлаб, коррупция ҳолатларига нисбатан қўлланилишини қатъиян рад этди. Унинг тушунтиришича, бу тушунчаларни бирлаштиришда бегуноҳларни жазолаш хавфи бор, чунки тизимда коррупция айбловларидан фойдаланиб, бошқаларга зарар етказадиган одамлар бўлиши мумкин. Жапаровнинг таъкидлашича, мансабдор шахслар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тез-тез низо келиб чиқади ва улар бир-бирига туҳмат қилишлари мумкин, қотиллик ва зўрлаш ҳолатларида эса далилларни сохталаштириш анча қийин.
Ташаббуснинг қонунийлиги борасида Жапаров Қирғизистон Конституцияси ўлим жазосини тақиқлаб, ҳар бир инсоннинг ажралмас яшаш ҳуқуқини кафолатлашини таъкидлайди (25-модда). Бундай жазони фақат референдум орқали жорий этиш мумкин. Шу боис, Конституциянинг 25-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси аввало умумхалқ муҳокамасига қўйилади, сўнгра Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилади ва якунда референдум йўли билан маъқулланиши мумкин.
«Агар халқнинг аксарияти буни қўллаб-қувватласа, унда янги Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) халқаро шартномалардан чиқадиган, шунингдек, амалдаги кодекс ва қонунларга ўзгартиришлар киритувчи қонунларни қабул қилади», — дея хулоса қилди Жапаров.
ℹ️ Ўлим жазосини жорий этиш таклифига 2025 йил сентябрь ойи охирида Қирғизистонда кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган 17 ёшли Айсулу Мукашеванинг ўлдирилиши сабаб бўлган. Президент мазкур ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов ишларини шахсан назоратга олди ва Президент Администрациясининг Ҳуқуқий таъминот бошқармасига аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан жиноятлар учун жиноий жавобгарликни максимал даражада кучайтиришни назарда тутувчи қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.