Ўзбекистонда сиам эгизакларини муваффақиятли ажратиб олган шифокорлар тақдирланди (хабар тўлдирилди)

Ўзбекистон ССВ матбуот хизмати видеосидан кадр

Сиам эгизакларини ажратиш операциясини амалга оширган шифокорлар «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мазкур операция тафсилотларини маълум қилди.

Ноёб операция Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ўтказилди.

Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида «кесарча кесиш» йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига-устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинган. Уларнинг умумий вазни 3400 грамм, узунлиги эса 41 ва 40 сантиметр бўлган.

Туғилгандан кейинги дастлабки соатларда уларнинг оғир аҳволи бўлган: сийдик пуфагининг эхобелгиси бўлмаган, қизлардан бирида йўғон ичак бўлмаган, тана бирлашган жойи териси икки жойда ажралган, бу эса қорин бўшлиғидан суюқлик оқиб чиқишига олиб келган. Операцияни бошқарган Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал жарроҳлик маркази мудири, профессор Бахтиёр Эргашевнинг айтишича, бу перитонит хавфини ошириб, ҳар икки боланинг ҳаётига хавф туғдирган.

«Бундай оғир вазиятда бошқа чора йўқ эди: агар операция зудлик билан ўтказилмаганида, иккала янги туғилган чақалоқ ҳам ўлиши мумкин эди», — дея таъкидлайди Эргашев.

Операция беш соат давом этган. Операцияда Республика перинатал маркази, Тошкент давлат тиббиёт университети кўп тармоқли клиникаси ва Тошкент вилоятидаги тиббиёт муассасаларидан 12 нафар мутахассис: жарроҳлар, анестезиологлар, реаниматологлар, неонатологлар, жарроҳлик ҳамширалари иштирок этган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров тиббиёт муассасасига ташриф буюриб, болаларнинг аҳволи билан танишди ва жарроҳлик гуруҳига шахсан ўз миннатдорчилигини билдирди.

«Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди. Ҳатто, тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу — ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир», — деди Худаяров.

Вазир жарроҳлик жамоасига касбий маҳорати ва тиббиёт фанини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини эътироф этиб, «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини топширди.

Операциядан кейинги иккала боланинг аҳволи барқарор деб ҳисобланади. Реабилитация даврида улар 24 соатлик кузатув остида бўлган, интенсив терапия ва ёрдам олганлар. Саломатлиги яхшиланган жажжи беморлар ва уларнинг онасига шифохонадан уйига жавоб берилган.

Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда сиам эгизакларини ажратиш бўйича биринчи операция 2006 йили Б.В.Петровский номидаги Россия жарроҳлик илмий маркази мутахассислари иштирокида амалга оширилган. 16 соат давом этган операция давомида Хоразм вилоятидан тўрт ойлик эгизаклар Ҳасан ва Хусан Комилжоновлар ажратилган. Улар кўкрак ва қориннинг пастки қисмида бирлашган ҳолда туғилган, битта жигари бўлган.

2022 йил декабрь ойида қорин қисми бириккан, битта жигари бўлган қирғизистонлик беш ойлик Фотима ва Зухра опа-сингиллар Тошкентда операция қилинган. Операцияни илк бор бутунлай ўзбекистонлик шифокорлардан иборат гуруҳ амалга оширган. Операцияда иштирок этган мутахассислар ҳам «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Блогер Умид Ғофуров мулозимлар қандай қилиб бир пайтлар кўм-кўк бўлган шаҳарни чўлга айлантираётганларини кўрсатади

  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда