Футбол бўйича Қозоғистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди

Шимолий Македония-Қозоғистон ўйинидан лавҳа. ҚФФ матбуот хизмати фотосурати

Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг еттинчи туридан сўнг футбол бўйича Қозоғистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун ҳатто назарий имкониятини ҳам йўқотди.

Қозоғистонликлар Лихтенштейнга қарши иккита ўйин ўтказиб, олти очко билан еттинчи турга киришди. Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашни давом эттириш имконини берадиган гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритиш учун Қозоғистон қолган иккита ўйинда ғалаба қозониши керак эди – сафарда Шимолий Македония билан ва уйда эса Бельгия билан. Шунингдек, қозоқлар Шимолий Македония ва Бельгия Уэьлсга ютқазишини, бундан ташқари бельгияликлар Лихтенштейнга ҳам мағлуб бўлишини кутишлари керак эди.

Воқеаларнинг бундай ривожи эҳтимоли жуда паст эди, шунинг учун улар бошиданоқ амалга ошмагани табиий: Қозоғистон 13 октябрь куни сафарда Шимолий Македония билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, Бельгия Уэльсни 3:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Бошқа вазиятда қозоғистонликлар сафарда македонияликлар билан дуранг ўйнаса айни муддао бўларди. Қозоғистон ўйинчилари ишончли кўринишди, кўп ҳужум қилишди ва ҳисобни очишди: 54-дақиқада Динмуҳамед Караман тепадан тепиб қозоғистонликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ, ҳисобдаги устунлик узоққа чўзилмади — орадан 20 дақиқа ўтиб Энис Барди ҳисобни тенглаштирди.

Еттинчи турдан сўнг гуруҳдаги вазият қуйидагича: Бельгия (6 ўйин) — 14 очко, Шимолий Македония (7 ўйин) — 13 очко, Уэьлс (6 ўйин) — 10 очко, Қозоғистон (7 ўйин) — 7 очко, Лихтенштейн (7 ўйин) — 0.

15 ноябрь куни бўлиб ўтадиган сўнгги турда Қозоғистон Бельгияни қабул қилади.