Тожикистон Илон Маск компанияси билан мамлакатни Starlink тармоғига улаш бўйича келишувга эришди

iz.ru сайти фотосурати

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизмати америкалик миллиардер Илон Маскнинг SpaceX корпорациясининг шўъба корхонаси Starlink Tajikistan билан лицензия шартномасини имзолади. Dushanbe Invest-2025 форуми доирасида имзоланган ҳужжатга кўра, Марказий Осиё республикаси Starlink глобал сунъий йўлдош интернет тармоғига кириш имкониятига эга бўлади, дея хабар беради «Азия-Плюс» нашри.

Нашрнинг ёзишича, 14 октябрь куни бошланган инвест форумнинг биринчи кунида Алоқа хизмати етакчи халқаро ва минтақавий компаниялар билан саккизта ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Битимлар рақамли иқтисодиёт, интернет-инфратузилмаси, 5G технологияларини ривожлантириш ва бошқа лойиҳаларни қамраб олади. Бироқ, тожик расмийлари айнан Илон Маск компанияси билан тузилган шартномани «муҳим» деб атади.

Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Dushanbe Invest-2025 бошланишида 3 миллиард доллардан ортиқ 26 та шартнома имзоланган. Энг катта инвестиция ҳажми, яъни 2,5 миллиард доллар энергетика соҳасига йўналтирилган.

Шунингдек, саноат соҳасида умумий қиймати 386 миллион долларлик 9 та, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида 334 миллион долларлик саккизта шартнома имзоланган. Қарийб 9 миллион долларлик яна тўртта шартнома давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалардир.

Тожикистон Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги халқаро компаниялар билан учта баённома ва иккита меморандум имзолаган. Булар қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ҳамда ушбу соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича таълим дастурларини жорий этиш лойиҳаларига тааллуқли бўлган.

Инвестиция қўмитасининг аниқлик киритишича, тадбирда имзоланган шартномалар республика иқтисодиётининг устувор тармоқларини ривожлантиришга қаратилган ҳамда инновациялар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишни ҳам назарда тутади.

ℹ️ Dushanbe Invest-2025 халқаро инвестиция форуми Марказий Осиёда «яшил» инвестициялар, барқарор ривожланиш ва рақамли трансформацияни илгари суриш учун платформа ҳисобланади. У 14-16 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Тадбирда Осиё, Европа ва Яқин Шарқ давлатларидан ҳукумат вакиллари, турли компаниялар, молия институтлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан иборат мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди.

ℹ️ Starlink — глобал сунъий йўлдош алоқа тизими бўлиб, дунёнинг исталган нуқтасидан юқори тезликдаги кенг полосали интернетга уланишни таъминлаш учун мўлжалланган. Тизим бизнесмен Илон Маскга тегишли бўлиб, у Starlink тармоғини бошқарувчи ўзининг SpaceX компанияси ракеталари ёрдамида Ер орбитасига сунъий йўлдошларни олиб чиқади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ