Бишкек Европа Иттифоқини Қирғизистон банкларига қарши қўлланилган санкцияларнинг асослилигини тасдиқлаб беришга чақирди

Қирғизистон ТИВ биноси. mfa.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқини Қирғизистон банкларининг янги санкциялар рўйхатига киритилгани асослилигини тасдиқлаш учун мустақил текширув ўтказишга чақирди. Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти расмий сайтда эълон қилинди.

Ташқи ишлар вазирлиги Брюсселнинг Қирғизистон юридик шахсларини сўнгги санкциялар пакетига киритиш қароридан афсусда эканини билдирди ва мамлакат ўзининг халқаро мажбуриятларига қатъий риоя қилишини таъкидлади. Баёнотда мамлакат Европа Иттифоқи билан санкцияларни четлаб ўтиш хавфини биргаликда олдини олишга қаратилган «очиқ ва конструктив мулоқот»ни қўллаб-қуввалашига урғу берилади.

Бишкек Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш истагини бир неча бор билдирганини эслатди. Шу муносабат билан Қирғизистон томони Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари билан «тенг ҳуқуқли, ўзаро ҳурматга асосланган ва ишончли шериклик»га тайёрлигини билдирди.

ТИВ Европа Иттифоқига санкцияларни қўллаш учун фойдаланилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириш учун мустақил, халқаро миқёсда тан олинган аудит ташкил этишни таклиф қилди. Вазирликнинг тушунтиришича, бундай қадам чекловчи чоралар тахминларга эмас, балки тасдиқланган фактларга асосланганига доир ишонч пайдо қилади.

Бундан ташқари, Бишкек Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ўртасида қўшма техник ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Унинг вазифаси мунтазам равишда молиявий маълумотлар алмашиш, транзакцияларни кузатиш ва потенциал санкцияларни четлаб ўтиш билан боғлиқ хавфларни биргаликда баҳолашдан иборат бўлади.

ℹ️ Аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакетини эълон қилди, улар орасида иккита Қирғизистон банки – «Толубай» ва «Евросиё жамғарма банки», шунингдек, учта Тожикистон молия институти — «Душанбе Сити банк», «Спитамен», «Тожикистон Коммерцбанки» ва Россия ВТБ банкининг Қозоғистондаги шўъба корхонаси бор эди.

Европа Иттифоқининг расмий ҳужжатида санкциялар рўйхатига киритиш мезонлари баён этилган: Россия банкининг шўъба корхонаси бўлиш, Россия молия тизими билан яқин алоқада бўлиш ва Россия иқтисодиёти ва саноатини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши мумкин бўлган катта миқдордаги трансчегаравий тўловларга хизмат кўрсатишда иштирок этиш.

Шу билан бирга, Тожикистон Миллий банки молиявий институтлар ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда вазиятни кўриб чиқаётганини ва эҳтимолий оқибатлар олдини олиш чораларини кўраётганини маълум қилди. «Душанбе Сити банк» ва «Тожикистон Коммерцбанки» санкциялар рўйхатига киритилиш сабабларидан ҳали хабардор эмасликларини маълум қилишди. Муассасалар одатдагидек ишлашда давом этмоқда. Банклар еврода ва айрим йўналишларда трансчегаравий ўтказмалар билан боғлиқ баъзи қийинчиликлар бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди, аммо уларни минималлаштириш чораларини кўрмоқда.