Жорий йилнинг учинчи чорагида Россияда яшовчи мигрантларнинг тахминан 87 фоизи рус тили, тарихи ва Россия қонунчилиги асослари фанидан имтиҳондан муваффақиятли ўтди. Бироқ, чет элликларнинг 35 фоиздан ортиғи биринчи уринишда тестлардан ўта олмаган, деб хабар беради РИА Новости РФ Фан ва олий таълим вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда.
Вазирлик мониторингига кўра, июль, август ва сентябрь ойларида 275 609 киши чет тили сифатида рус тили, Россия тарихи ва Россия қонунчилиги асослари фанларидан патент олиш учун зарур бўлган даражага имтиҳон топширган. Улардан 86,9 фоизи имтиҳондан ўтган. Бироқ, 35,1 фоизи биринчи уринишда имтиҳондан ўта олмаган.
Расмийларнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия Федерациясининг барча субъектларида 203 та пунктда имтиҳон топишириш мумкин. Бунга 88 та университет, жумладан, Россия ТФан ва олий таълим вазирлиги тасарруфидаги 82 та университет киради. Бироқ, мигрантлар рус тилидан билимини синаб кўрадиган шунга ўхшаш муассасалар Россиядан ташқарида, Марказий Осиёнинг иккита давлатида: Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳам мавжуд.
Белгиланган қоидаларга кўра, баҳолаш уч даражада ўтказилади. Биринчиси Россияда ишлаш рухсатномасини олиш, иккинчиси вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ва учинчиси доимий яшаш рухсатномасини (ВНЖ) олиш учун. Ҳар бир имтиҳон уч қисмдан иборат: рус тили, мамлакат тарихи ва Россия қонунчилиги асослари.
2025 йил июнь ойида Россия Фан ва олий таълим вазирлиги мигрантларнинг тахминан 30 фоизи биринчи уринишда рус тили тестларидан ўта олмаганини хабар қилганди. Вазирлик ўша пайтда аниқлик киритишича, уларнинг ярми кейинги уринишларда ўта олмаган.
Шуни таъкидлаш лозим, имтиҳон тестларининг мазмуни баъзан бахс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистон расмийлари ушбу материалларда 1812 йилги Ватан уруши ёки Қримнинг қўшиб олинишига доир саволлар каби меҳнат фаолиятига дахлсиз кўплаб маълумотлар мавжудлигидан норозилик билдиришган.
Россия президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев ислоҳотлар зарурлигини тан олган. Жумладан, у тарих ва ҳуқуқ бўйича саволларни минималлаштириш мантиқан тўғри, деб ҳисоблайди.



