ОАВ: «Туркманистон темир йўллари» директори Москвада гиёҳванд моддалар билан ушланди

Нейротармоқ яратган фотосурат

Туркманистоннинг «Демирёллари» («Туркманистон темир йўллари») компанияси бош директори Хайдир Раҳмонов ва унинг ҳамроҳи Москванинг «Домодедово» аэропортида ҳибсга олинди. Уларнинг шахсий буюмлари тинтув қилинганда. уларда ноқонуний гиёҳванд моддалар аниқланди, деб хабар беради Turkmen.news ўз манбаларига таяниб.

Нашрнинг хабар беришича, мулозим ва унинг ҳамроҳи 4 октябрь кечаси Ашхободдан S7 рейси билан Москвага учиб келишган. Божхонада аёл ўзини провокацион тутиб, офицерлар эътиборини тортган. Унинг буюмларини тинтув қилиш натижасида синтетик психоактив модда бўлган ЛСД таблеткалари топилган. Иккала йўловчи ҳам дарҳол ҳибсга олинган.

Туркманистоннинг Россиядаги элчиси Эсен Айдогдиев ишни «бости-бости» қилиш учун уринишларига қарамай, Домодедово шаҳар суди судяси Дина Ханси Раҳмоновни 3 декабргача ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган.

Бу туркман амалдорининг чет элда ҳибсга олиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат бўлиши мумкин. Бироқ, мамлакат ичида ҳам юқори лавозимли давлат амалдорларининг ҳибсга олиниши қайд этилган. Масалан, 2003 йили Республиканинг ўша пайтдаги Бош прокурори Қурбонбиби Атажанова гиёҳванд моддалар контрабандаси айблови билан ҳибсга олинган.

«Демирйўллари» компанияси 2020 йили ўша пайтдаги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қарори билан «Туркмендемирёллари» (ҳозирги Темир йўл транспорти вазирлиги) негизида ташкил этилган. Компания мамлакат темир йўл инфратузилмасининг бир қисмига эгалик қилади, йўловчи ва юк ташишни амалга оширади, кўприклар ва бошқа иншоотлар қуради. Раҳмонов ташкилот ташкил этилганидан бери унга раҳбарлик қилиб келади. Унинг укаси Аркач Раҳмонов Туркманистон президенти хавфсизлик хизматида зобит ҳисобланади.