Қозоғистон депутатлари КҚКга қилинган ҳужумларни ижобий баҳолайдиган постларни хиёнат билан тенглаштиришни талаб қилишди

cpc.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) депутати Айдос Сарим Бош прокурор ва Ахборот вазирига ижтимоий тармоқларда Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) терминалига уюштирилган ҳужумларни қўллаб-қувватлаган фуқароларни жавобгарликка тортиш талаби билан мурожаат қилди, деб ёзади Kursiv.kz.

Гап қозоғистонликлар очиқдан-очиқ «давлат учун муҳим бўлган ушбу инфратузилмага ҳужумларни маъқуллаган ва қўллаб-қувватлаган» постлар ҳақида кетмоқда. «Бундай ҳаракатлар сўз эркинлигига оид конституциявий ҳуқуқдан аниқ четга чиқади ва миллий манфаатларга бевосита зарар етказади», — деб ҳисоблайди парламент аъзоси.

Депутат Бош прокуратурадан бундай нашрларга ҳуқуқий баҳо беришни ва уларни терроризмни тарғиб қилиш (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 256-моддаси) ёки давлатга хиёнат (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 175-моддаси) деб ҳисоблашни сўрайди. Vlast.kz нашрининг аниқлик киритишича, Ойдос Сарим 17 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда бутун Amanat фракцияси номидан тегишли сўровни ўқиб эшиттирган.

У фракция номидан, шунингдек, «Қозоғистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим бўлган нефть қувурлари ва бошқа инфратузилма объектларини йўқ қилишга чақириқларни ўз ичига олган оммавий ахборотни тарқатишга йўл қўйилмаслигига оид аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини» ташкил этишга чақирди.

Ноябрь ойи охирида Каспий қувурлари консорциумининг Новороссийскдаги терминалига Украина дронларининг ҳужуми натижасида №2 чидамли лангар ускунаси (ЧЛУ) ишдан чиқди. Ҳозир терминалда жойлашган учта ЧЛУдан фақат биттаси ишламоқда (№3 ЧЛУга ноябрь ойининг ўрталаридан буён техник хизмат кўрсатилмоқда), бу эса унинг «нефтни ҳайдаб ўтказиш қобилиятини сезиларли даражада пасайишига олиб келди».

«Нефть ташиш ҳажмининг қисқариши мамлакат учун катта иқтисодий хавф ва йўқотишларни келтириб чиқаради. КҚК орқали келадиган йиллик экспорт тушуми қарийб 30 миллиард долларни ташкил этади, унинг учдан бир қисми Қозоғистон Миллий жамғармасига тушади ва мамлакат солиқ тушумларининг қарийб 20 фоизини ташкил этади. Эксперт ҳисоб-китобларга кўра, ишларнинг узоқ муддат тўхтаб қолиши вақтидаги мумкин бўлган ойлик йўқотишлар 500 миллион долларга етиши мумкин», — дейди Айдос Сарим.

Аввалроқ, Қозоғистон Энергетика вазирлиги Каспий қувурлари консорциумига қилинган ҳужумлар республикада нефть қазиб олишда 480 минг тонна йўқотишларга олиб келганини маълум қилганди. Энди расмийлар нефть қазиб олишни камайтирмаслик учун экспортнинг муқобил йўлларини фаол излашмоқда.