Россия ФХХ академияси битирувчиси Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланди

Адилет Орозбеков. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Адилет Орозбековни Хавфсизлик кенгашининг янги котиби этиб тайинлади. Давлат раҳбари 12 февраль куни бу борада фармонни имзолади, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Ушбу тайинловдан олдин Орозбеков 2025 йил декабридан бери Президент администрацияси Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бажарилишини назорат қилиш бошқармасининг Мудофаа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик бўлими давлат инспектори лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Камчибек Ташиев ишдан бўшатилганидан сўнг, хавфсизлик хизматларида бир қатор кадрлар ўзгаришлари содир бўлди. Хусусан, Жапаров Хавфсизлик кенгаши котиби Рустам Мамасадиқовни ишдан бўшатиб, уни махсус хизмат бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади. Жумгалбек Шабданбеков МХДҚ бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Энди президент Хавфсизлик кенгашининг янги котибини тасдиқлади.

ℹ️ Адилет Орозбеков 1978 йили туғилган. У Қирғизистон Халқаро университетини дипломатия ва халқаро ҳуқуқ мутахассислиги бўйича тамомлаган. Шунингдек, у Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) академиясида таҳсил олган. У 1-даражали давлат фуқаролик хизмати маслаҳатчиси ва полковник ҳарбий унвонларига эга.

Республика раҳбари матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Орозбеков разведка хизматида катта тажрибага эга. Хусусан, у турли даврларда Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари, Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи, Терроризмга қарши кураш марказида бош мутахассис лавозимларида ишлаган. Шунингдек, у Ташқи ишлар вазирлигида, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ишлари бўйича миллий координатор идорасида ишлаган ва Қирғизистон президенти администрациясининг Вазият марказида мутахассис бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ