Тошкент BRT, уй-жой ва дренаж тизимларига Хитой инвестицияларини жалб қилмоқда

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тошкент шаҳар ҳокимияти Хитой компаниялари билан умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган инвестиция ва экспорт шартномаларини имзолади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.

Келишувларга 21-22 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган III Ўзбекистон-Хитой минтақалараро ҳамкорлик форуми давомида эришилди.

Жумладан, BRT (Bus Rapid Transit), йўл ўтказгичлари ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун 1 миллиард доллар режалаштирилган. Транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшма инвестиция лойиҳалари учун яна 1 миллиард доллар ажратилиши кўзда тутилган.

Бир қатор Хитой технология ва саноат компаниялари — Jwise, Zhongke Honghu, CAS Cloud ва UMGG «Янги Авлод» махсус саноат зонасини ривожлантиришга 130 миллион доллар сармоя киритади.

Алоҳида шартномалар безак тошларини ишлаб чиқариш (150 миллион доллар), чиқиндиларни саралаш учун «алли» ускуналари ишлаб чиқариш (50 миллион доллар) ва керамика маҳсулотлари (150 миллион доллар) ишлаб чиқаришни қамраб олади.

Дренаж тизимларини, ирригация ва ёмғир сувларини четлаштириш тизимини ривожлантириш учун 400 миллион доллар, 24/7 форматидаги замонавий брендли кўчаларни яратиш учн 100 млн доллар;

— реновация ҳудудларида замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаларини қуриш учун 500 млн доллар ажратилади.

Шунингдек, заргарлик буюмларини етказиб бериш бўйича умумий қиймати 150 млн долларлик 3 та шартнома имзоланди. Бундан ташқари, пахта ип-калава экспорти бўйича — 5 млн доллар, кумуш консентратини етказиб бериш бўйича 1 млн долларлик келишувлар имзоланди.

Молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ёки давлат кафолатларидан фойдаланмасдан, EPC+F (муҳандислик, таъминот ва қурилиш плюс молиялаштириш) модели орқали жалб қилинади. Тўловлар шаҳар бюджети даромадларининг янги манбаларидан босқичма-босқич амалга оширилади.

Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форумида сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев сўнгги йилларда икки томонлама савдо ҳажми уч бараварга ошиб, 18 миллиард долларга етганини маълум қилди. Ўзбекистонга тўғридан-тўғри Хитой инвестициялари беш бараварга ошиб, 2025-йилда 17 миллиард долларга етди. Ҳозирда Ўзбекистонда 5400 дан ортиқ Хитой компаниялари фаолият юритмоқда.

ℹ️ Биринчи Ўзбекистон-Хитой минтақалараро ҳамкорлик форуми 2024 йил январь ойида Хитойнинг Урумчи шаҳрида, иккинчиси эса 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ