Тошкент халкаро инвестиция форумида қарийб 100 мамлакатдан уч мингдан ортиқ меҳмонлар иштирок этади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

16-18 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида 99 та мамлакатдан жами 8 мингдан зиёд иштирокчи, жумладан, қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон қатнашиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевга форумга тайёргарлик юзасидан ахборот берилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирга таклиф этилганлар орасида хорижий давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва вакиллари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, инвестиция жамғармалари ва ишбилармон доиралар раҳбарлари бор.

Тақдимотда форум ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар дастури ҳақида маълумот берилди. Хусусан, ялпи мажлис, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда ишбилармонлар мулоқотлари ўтказилади.

Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятига бағишланган кўргазмада қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, геология, электротехника саноати, машинасозлик, кимё саноати, энергетика, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари тармоқларининг имкониятлари тақдим этилиш режалаштирилган.

Шунингдек, форум доирасида Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, саноат-технологик ва инновацион ривожланишни жадаллаштириш, хусусий сектор ва халқаро инвесторлар учун янада қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинади.

Масъулларнинг сўзларига кўра, форумда инвестиция келишувларининг йирик тўпламини имзолаш режалаштирилган. Ҳозирда янги лойиҳаларни шакллантириш ишлари жадал кетмоқда.

Келишувлар кимё саноати, геология ва металлургия, енгил саноат, электротехника ва машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, энергетика ва экология, рақамли технологиялар, қурилиш ва инфратузилма, банк-молия, транспорт-логистика, туризм ҳамда таълим каби муҳим йўналишларни қамраб олади. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши янги иш ўринлари яратиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтади. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг бизнес салоҳиятини кенг намойиш этиш ва хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли бизнес лойиҳаларини ривожлантириш ва илгари суриш учун платформа хизматини ўтайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ