Туркия полицияси гиёҳванд моддаларга қарши операция доирасида 20 дан ортиқ маҳаллий машҳур шахсларни ҳибсга олди. Гумондорлар орасида мамлакатнинг машҳур медиа шахслари — актриса Берен Саат (Beren Saat) ва Кенан Догулу (Kenan Doğulu) бор, деб хабар беради CNN Türk.
Журналистларнинг сўзларига кўра, ҳибсга олишлар Истанбул Бош прокуратураси томонидан бошланган тергов доирасида амалга оширилган. Жами 22 киши ҳибсга олинган. Кўпчилик гиёҳванд моддаларни сақлаш ва истеъмол қилишда гумон қилинмоқда, баъзилари эса Жиноят кодексига мувофиқ фоҳишалик билан боғлиқ жиноятларда ҳам айбланмоқда. Ҳибсга олинганларнинг деярли барчаси қон ва сочдан ташхис олиниши учун Суд тиббиёт институтига олиб кетилган.
Гумондорлар орасида актриса Берен Соат ва унинг эри, мусиқачи Кенан Догулу бор, иккаласи ҳам миллий юлдузлар мақомига эга.
Саат нафақат Туркияда, балки хорижда ҳам машҳур бўлиб, 3 миллиондан ортиқ Инстаграм обуначисига эга. У «Тақиқланган севги», «Фатмагулнинг айби нима?» ва «Муҳташам юз йил: Кўсем империяси» сериалларидаги бош роллари билан кенг эътирофга сазовор бўлган. Унинг фильмографиясида шунингдек, эронлик режиссёр Баҳман Гобадининг машҳур италян актрисаси Моника Беллуччи билан бирга суратга тушган «Каркидонлар мавсуми» драмаси ҳам бор. 2013 йили GQ Turkey Берен Саатни «Йил аёли» деб топган.
Мусиқачи Догулу поп саҳнасининг фахрийси бўлиб, унинг ҳисобида ўндан ортиқ студия альбомлари бор. У тез-тез телевизорда кўринади ва қўшиқлари турли чартларда янграйди. 2007 йили у «Евровидение» қўшиқ танловида Туркия шарафини ҳимоя қилган.
Полиция томонидан гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда гумон қилиниб ҳибсга олинганлар рўйхатида ижтимоий тармоқларда, хусусан, Инстаграм ва ТикТокда фаол бўлган бир нечта машҳур шахслар бор, бу юлдузларнинг бир неча миллион обуначилари бор. Улар орасида комедиячи Энис Арикан, инфлюэнсер Кериман Дурмаз ва бьюти-блогер Селин Чигерчи бор.
Шунингдек, ҳибсга олинганлар орасида унчалик танилмаган мусиқачилар, қўшиқчилар ва моделлар ҳам бор.
CNN Türkнинг қўшимча қилишича, полиция операцияси давом этмоқда. Шунинг учун гумонланувчилар рўйхати тез орада тўлдирилиши мумкин.



