Эрдоғон Туркияга кўчиб келаётган чет элликлар ва инвесторларни солиқлардан озод қилди

imtilak.net сайти иллюстрацияси

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғон мамлакатга доимий равишда кўчиб ўтаётган чет элликларни 20 йил давомида даромад солиғидан озод қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Туркия қонунчилик базасига кўра, ушбу имтиёз, бошқа имтиёзлар билан бирга, 3 июнь куни давлат раҳбари томонидан тасдиқланган тузатишларда мавжуд.

Бироқ, солиқ имтиёзи барча чет элликларга эмас, балки фақат сўнгги уч йил давомида Туркияда солиқ резиденти бўлмаганларга нисбатан қўлланилади.

Шунингдек,

имтиёз фақат хорижий манбалардан олинган даромадларга нисбатан қўлланилади. Туркияда резидент ишлаб топган ҳар қандай даромад солиққа тортилади.

20 йиллик солиқ имтиёзи нафақат бошқа мамлакатлар вакилларига, балки узоқ вақт чет элда яшаган ва ўз ватанига қайтишга қарор қилган Туркия фуқароларига ҳам тегишли бўлади. Шундай қилиб, расмийлар бадавлат шахсларни мамлакатга кўчиб ўтишга, кўчмас мулк сотиб олишга ва Туркия иқтисодиётига инвестиция киритиша ундашни режалаштирмоқда.

Янги қонун шунингдек, капитални қайтариш бўйича бир қатор чораларни жорий этишни ҳам назарда тутади. Ушбу дастур доирасида,

жисмоний ва юридик шахслар мамлакатга нақд пул, олтин ва қимматли қоғозларни олиб киришлари мумкин, бунда фақат 5% дан ошмайдиган минимал солиқ тўланади

Шу билан бирга, Туркияда декларация қилинган тегишли активлар ёки маҳаллий банк ҳисоб рақамларига ўтказилган маблағлар солиқ текширувидан ўтказилмайди.

Шунингдек, компаниялар учун корпоратив солиқ имтиёзлари жорий этилди. Масалан, Истанбул молия маркази резидентига айланган корхоналар 20 йил давомида ушбу солиқдан озод қилинади. Экспортчилар учун ҳам имтиёзлар тақдим этилади, улар корпоратив солиқ тўловларини камайтирилган ставкада тўлашлари мумкин: ҳозирги 25% ўрнига камида 9%.

Туркия расмийлари мазкур янги қоидалар хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириши, юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантиришга ёрдам бериши ва мамлакатнинг глобал иқтисодиётдаги мавқеини мустаҳкамлашига ишонишади.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, шунга ўхшаш дастурлар бошқа мамлакатларда, жумладан, Италия, Португалия ва Грецияда ҳам ишга туширилган. Бироқ, у ердаги солиқ имтиёзлари кўпинча 10-15 йилдан ошмайди. Бундан ташқари, чет элликлар йиллик қатъий солиқни тўлашлари шарт. Туркия қонунчилигида бундай талаб йўқ, бу эса мамлакатнинг инвестиция муҳитини янада жозибадор қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ