Туркманистон президенти иқтисод ва сиёсат соҳаларида профессор ҳамда академик бўлди

Сердар Бердимуҳамедов. АР фотосурати

Сердар Бердимуҳамедов иқтисодий ва сиёсий ихтисосликлар бўйича профессор унвонини олди ҳамда Туркманистон Фанлар академияси академиги этиб сайланди. Бу ҳақда “Золотой век” (ТДХ) нашри хабар берди.

Янги мақомлар давлат раҳбарига Туркманистонда ҳар йили 12 июнь куни нишонланадиган Фан куни арафасида берилди. Тантанали маросим Фанлар академиясида бўлиб ўтди.

Бердимуҳамедов профессор унвонига «миллий ва умуминсоний аҳамиятга эга бўлган илмий-ишлаб чиқариш, инновацион-саноат, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техник ислоҳотларни амалга ошириш, замонавий илм-фанга катта ҳисса қўшиш, тинчликсевар ички ва ташқи сиёсат юритиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдаги улкан хизматлари» учун лойиқ деб топилган. Шунингдек, у аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, билимли ёш авлодни тарбиялаш ҳамда Туркманистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти инобатга олиниб академик этиб сайланган.

Шу тариқа, 44 ёшли Сердар Бердимуҳамедов ўз отаси — Туркманистоннинг иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳамедов йўлини такрорлади. У ҳам мамлакатдаги энг юқори илмий даража ва унвонларга эга бўлганди. Туркманистонда «Аркадаг» (ҳомий) деб аталадиган 69 ёшли Гурбангули Бердимуҳамедов тиббиёт фанлари доктори, иқтисод фанлари доктори, профессор ва Фанлар академияси академиги ҳисобланади. Унинг муаллифлигида тиббиёт, фалсафа, маданият, маънавият, алабай зотли итлар, ахалтеке отлари, спорт ва бошқа мавзуларга бағишланган 60 дан ортиқ китоб нашр этилган.

Сердар Бердимуҳамедов номи билан ҳозирча тўртта китоб чоп этилган.

Таъкидлаш жоиз, Сердар Бердимуҳамедов 2001 йили С.А. Ниёзов номидаги Туркман қишлоқ хўжалиги университетини муҳандис-технолог мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2008–2011 йилларда Туркманистоннинг Россиядаги элчихонасида маслаҳатчи-элчи лавозимида ишлаган. Шу даврда у Россия Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия академиясида «Халқаро муносабатлар» мутахассислиги бўйича иккинчи олий таълимини олган. 2014 йил август ойида Туркманистон Фанлар академиясида номзодлик диссертациясини, 2015 йил июль ойида эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, техника фанлари доктори илмий даражасини олган. 2022 йил март ойида Президент этиб сайланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ