Қирғизистонда 14 июнь куни Марказий Осиёдаги энг йирик қуёш (фотоэлектрик) электр станцияси — ROX Иссиқкўлнинг биринчи босқичи тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Маросимда республика президенти Садир Жапаров иштирок этди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Электр станцияси Қизил-Ўрук қишлоғида Вьетнамнинг ROX Group холдинги томонидан қурилди. Лойиҳанинг биринчи босқичи қуввати 175 МВтни ташкил этади. Қурилиш ишларига ажратилган 131 миллион доллар инвестициянинг 80 миллион доллардан ортиғи ўзлаштирилган.
«Лойиҳанинг биринчи босқичи қурилишида 250 нафардан ортиқ фуқаромиз иштирок этди. Станция тўлиқ фойдаланишга топширилгандан сўнг тахминан 150 та доимий иш ўрни яратилади ва уларнинг асосий қисмини маҳаллий мутахассислар эгаллайди», — деди Садир Жапаров.
Давлат раҳбари маълум қилишича, станция Қирғизистоннинг ягона энергетика тизимига муваффақиятли уланган ва ҳозиргача тармоққа 28,7 миллион кВт/соат электр энергияси етказиб берган. Биринчи босқич тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 295 миллион кВт/соатни ташкил этади. Бу эса ҳар йили Тўқтоғул сув омборида 362 миллион куб метргача сувни тежаш имконини беради.
Садир Жапаровнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳанинг асосий ўзига хос жиҳати ишлаб чиқарилган электр энергиясини белгиланган ҳажмда тўплаш (сақлаш) ва кейинчалик уни зарур вақтда Ягона энергетика тизимига узатиш имконияти ҳисобланади.
«Шу тариқа, ушбу қуёш электр станцияси Қирғизистон учун алоҳида аҳамиятга эга. У энергетика тармоғини модернизация қилишга, энергия манбаларини диверсификация қилишга ва гидроэнергетикага бўлган қарамликни камайтиришга хизмат қилади. Айниқса, сув ресурслари қисқараётган шароитда қуёш энергетикасини ривожлантириш энергетик барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда», — деди давлат раҳбари.
Қизил-Орук қишлоғида ФЭС лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция битими 2025 йил июлида RECA LLC – ROX ENERGY GLOBAL компанияси билан имзоланган бўлиб, у ROX Groupнинг «шўъбаси» ҳисобланади. Лойиҳа доирасида қуввати 1900 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш назарда тутилган. Қурилиш ишларини 2027 йилда якунлаш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий инвестиция ҳажми тахминан 1,5 млрд АҚШ долларига баҳоланмоқда.
“ROX Иссиқкўл” ФЭС тўлиқ ишга туширилгандан сўнг йиллик тахминан 3,3 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариб, Тўқтўғул ГЭСидан кейин ҳажми бўйича иккинчи йирик станцияга айланади.
ROX Group ер участкасидан фойдаланиш солиғидан ташқари, Иссиқкўл вилоятининг Тору-Айғир ва Тамчи қишлоқлари бюджетларига ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишдан олинган даромаднинг 1 фоизини ўтказиб боради.



