Жаҳон банки Роғун ГЭС қурилишининг иккинчи босқичи учун 300 миллион доллар ажратади

Роғун ГЭСида ишлар олиб борилмоқда. avesta.tj сайти фотосурати

Жаҳон банки директорлар кенгаши Тожикистондаги Роғун гидроэлектр станцияси (ГЭС) қурилишини молиялаштиришнинг иккинчи босқичини маъқуллади ва бу мақсад учун 300 миллион доллар миқдорида грант ажратди. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Маблағлар Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт уюшмаси (ХТУ) томонидан тақдим этилади. Ушбу маблағлар қурилиш ишларини молиялаштириш, шунингдек электр энергияси ишлаб чиқариш учун зарур ускуналарни харид қилиш ва ўрнатишга йўналтирилади. Шунингдек, маблағнинг бир қисми лойиҳани бошқаришга сарфланади. Бу ишлар сифат устидан қатъий назоратни таъминлаш, хавфсизлик талаблари, экологик ва ижтимоий меъёрларга риоя этилишини ўз ичига олади.

Қурилиш ишлари таъсир кўрсатадиган аҳолига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, гап хонадонларни кўчириш ҳамда уларнинг даромадлари ва одатий турмуш тарзини тиклашга кўмаклашиш ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, ажратиладиган маблағлар сув омборини янада самарали бошқариш, шунингдек дарёнинг қуйи оқимида жойлашган аҳоли пунктларида тошқинлар хавфини камайтириш мақсадида мониторинг ва прогнозлаш тизимларини такомиллаштириш имконини беради.

Тожикистон ҳукумати ГЭС фаолиятидан олинадиган даромаднинг бир қисмини энг муҳим ижтимоий эҳтиёжларга йўналтиришни назарда тутувчи Фойдани тақсимлаш дастурини амалга ошириш мажбуриятини олган. Ёрдам, аввало, мамлакат бўйлаб аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилади. Шунингдек, ушбу маблағлар миллий ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга ҳам йўналтирилади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши, айниқса қиш мавсумида кескин сезиладиган электр энергияси танқислигини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда. Шунингдек, станция Қозоғистон ва Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қилиш имкониятини яратади. Бу эса минтақавий электр энергияси бозорининг ривожланишига ҳамда Марказий Осиёда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида 30 мингдан ортиқ тўғридан-тўғри ва билвосита иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

ℹ️ Роғун ГЭС — Тожикистоннинг энг йирик энергетика лойиҳаси ҳисобланади. Станциянинг олтита гидроагрегати йилига 14 400 гигаватт-соат қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу мамлакатнинг ҳозирги электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг тахминан 60 фоизига тенг. Ҳар бири 600 МВт қувватга эга бўлган иккита гидроагрегат аллақачон ишга туширилган. Гидроэлектр станцияси қурилишини 2031 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Кутилишича, Роғун ГЭС ўрнатилган қуввати 3600 МВт ва йиллик 13–17 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми билан Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектр станциясига айланади.

2008–2024 йилларда Тожикистон Роғун ГЭС қурилишига 42,5 миллиард сомони (тахминан 4 миллиард АҚШ доллари) йўналтирган. 2024 йил декабрь ойида эса Жаҳон банки станция қурилишини якунлаш дастурининг биринчи босқичини амалга ошириш учун 350 миллион доллар миқдоридаги грантни маъқуллаган эди.

Тожикистон ҳукумати илтимосига кўра, Жаҳон банки Роғунни мувофиқлаштириш гуруҳига (РМГ) раҳбарлик қилмоқда. Бу гуруҳ лойиҳани якунлашни қўллаб-қувватлашни маъқуллаган ёки бунга қизиқиш билдирган халқаро тараққиёт ҳамкорларини бирлаштиради. Улар қаторига Абу-Даби тараққиёт жамғармаси (ADFD), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ), CDP (Италия), Европа комиссияси (ЕК), Европа инвестиция банки (ЕИБ), Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси (KFAED), OPECнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси, Қатар тараққиёт жамғармаси (QFD) ва Саудия тараққиёт жамғармаси (SFD) киради.

Айни пайтда Жаҳон банки гуруҳи Халқаро тараққиёт уюшмаси (ХТУ) кўмагида Тожикистонда умумий қиймати 1,93 миллиард доллар бўлган 25 та лойиҳани амалга оширмоқда. Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси (IFC) орқали хусусий секторнинг еттита мижозини қамраб олган 69 миллион долларлик инвестиция портфели қўллаб-қувватланмоқда.