Бишкекдаги блэкаутга икки юқори кучланишли электр узатиш линияларидаги авария сабаб бўлган

ҚМЭТ офиси йўлагидаги учта кондиционер. «Қирғизистон Миллий электр тармоғи» компаниясининг Facebook саҳифасидаги фотосурат

17 июль куни Бишкек шаҳрида ва Қирғизистоннинг бошқа вилоятларидаги қатор аҳоли пунктларига таъсир қилган блэкаутга икки юқори кучланишли электр узатиш линияларининг авариявий ўчиши сабаб бўлган. Бу ҳақда «Қирғизистон Миллий электр тармоғи» (ҚМЭТ) компанияси ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

«220 кВ кучланишли “Қора-Балта – Бош” ва “Бош – Чўй” электр узатиш линиялари ўчди. Натижада юкламани ўчириш бўйича тизим автоматикаси ишга тушди», — дейилади энергетика корхонаси хабарида.

Компания қўшимча қилишича, электр таъминотини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, «технологик бузилиш» сабаблари ҳам аниқланмоқда.

17 июль куни тахминан соат 14:30 да Бишкек шаҳрининг деярли барча ҳудудларида электр таъминоти узилди. Бундан олдин кўплаб уйлар ва муассасаларда чироқларнинг милтиллаши кузатилган, бу одатда кучланишдаги сакрашлардан далолат беради.

Кўп ўтмай, электр таъминоти узилиши ҳақида бошқа шаҳарлар аҳолиси ҳам шикоят қила бошлади — Кант, Норин ва Жалолобод шаҳарларида. Шунингдек, Ўш вилоятининг айрим ҳудудларида, хусусан, Қорасув шаҳрида, шунингдек Чўй ва Иссиқкўл вилоятларининг айрим аҳоли пунктларида ҳам электр йўқлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Айни пайтда республика пойтахтида электр таъминотидаги узилишлар совуқ ва иссиқ сув таъминотининг ҳам тўхташига олиб келган. Бишкек аҳолиси ишламаётган светофорлар, мобиль алоқа билан боғлиқ муаммолар ва тўхтаб қолган лифтлар ҳақида хабар берди. Шаҳарда тирбандликлар юзага келмаслиги учун айрим чорраҳаларга Патруль хизмати бошқармаси ходимлари чиққан.

Сув таъминоти масаласига пойтахт маъмурияти изоҳ берди. Амалдорлар электр энергияси билан боғлиқ муаммолар сабаб сув олиш иншоотлари ишида узилишлар юзага келганини тушунтирди.

«Сув таъминоти босқичма-босқич тикланади, чунки насос станцияларини қўлда ишга тушириш талаб этилади. “Бишкексувканал” мутахассислари ускуналарни навбатма-навбат ишга туширмоқда. Бу ишлар имкон қадар қисқа муддатларда амалга оширилади», — дея ваъда берди шаҳар ҳокимлиги.

Авариядан тахминан ярим соат ўтгач, электр энергияси қисман тикланаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Бироқ айрим фуқаролар чироқлар қисқа вақтга ёқилгани ва кўп ўтмай яна ўчгани ҳақида шикоят қилган.

Пойтахтнинг жанубида яшовчи бишкеклик аёлнинг«Фарғона» нашрига  айтишича, унинг ҳудудида электр таъминоти тикланган — натижада чироқ тахминан бир соат бўлмаган. Бироқ суҳбатдош қўшимча қилишича, «қаршидаги кўп қаватли уйларда ҳали ҳам электр йўқ». Шунингдек, шаҳар чатларида аҳоли ўртасида ҳолатни аниқлаш учун хабарлашувлар олиб борилмоқда ва кўплаб фойдаланувчилар ҳалигача уларга электр берилмаганини ёзмоқда.

Маълум бўлишича, электр таъминоти узоқ давом этмаган. Маҳаллий вақт билан соат 15:05 да, пойтахт аҳолисининг хабар беришича, Бишкек яна оммавий электр узилишидан зарар кўрган.

Хабар эълон қилинган пайтга қадар ҚМЭТ янги изоҳ билан чиқмаган эди.

Бу жорий йилдаги биринчи шундай йирик авария эмас. Масалан, 6 июнь куни Бишкекнинг катта қисми электрсиз қолган эди. Ўшанда маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, шаҳар аҳолиси пойтахт иссиқлик электр маркази (ИЭМ) ҳудудидан келаётган ғалати гумбурлаган овозлар ҳақида хабар берган. Мазкур ИЭМ мамлакат шимолидаги энг йирик электр энергияси ишлаб чиқариш манбаи ҳисобланади. Кейинроқ Қирғизистон Энергетика вазирлиги блэкаутга электр узатиш линияси симларини узиб кетган юк машинаси сабаб бўлганини маълум қилганди.

Ушбу воқеадан бир неча кун ўтиб, республика президенти Садир Жапаров Энергетика вазири Таалайбек Ибраевни лавозимидан озод қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ