Токиода Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти бўлиб ўтди

Афиша. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Токиода Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг кенг кўламли тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» нашрига таяниб, Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Япониянинг таълим ва маданият муассасалари вакиллари, хусусий компаниялар, туризм ташкилотлари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг дипломатик корпуси аъзолари, олимлар, тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Японияда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, талабалар иштирок этди.

Ташкилотчилар Марказнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Ислом цивилизацияси тарихи, илм-фан ва маданиятини ўрганиш, ноёб қўлёзмалар ва маданий мерос объектларини тўплаш, сақлаш ҳамда кенг тарғиб қилиш бўйича Марказ фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, Марказ нафақат музей ва илмий-маърифий мажмуа, балки турли халқлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган халқаро майдон ҳам ҳисобланади.

Тақдимот доирасида Марказ экспозицияларида акс эттирилган мавзулар намойиш этилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг жаҳон илми ва ислом тафаккури ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, шунингдек, Амир Темур ва Темурийлар даврининг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ҳақида сўз юритилди.

Ислом цивилизацияси маркази директори маслаҳатчиси, профессор Турсунали Қўзиев «Маърифат орқали келажакка» мавзусида маъруза қилди. У ўз нутқида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази тарихий хотирани тиклаш, маданий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш, шунингдек, халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Япония Ривожланаётган иқтисодиётлар институти профессори Манабу Симидзу ўз чиқишида Ўзбекистонда амалга оширилаётган Учинчи Ренессанс ғояси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти мамлакатнинг бой маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилаётганини қайд этди. У Марказ Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ