Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов «Россия» миллий маркази билан ҳамкорликнинг уч йиллик дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди. Мазкур ташаббус қўшма фильмлар, китоблар ва кўргазмалар яратиш, маданий меросни рақамлаштириш ҳамда журналистларни қўллаб-қувватлашни кўзда тутади. Ушбу таклиф 9-10 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон-Россия медиафорумида янгради, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.
Дастур учта йўналишни қамраб олади. Биринчиси — «Бизни бирлаштирувчи тарихлар» бўлиб, икки мамлакатнинг тарихий ва маданий алоқаларига бағишланган ҳужжатли фильмлар, китоблар, кўргазмалар ва бошқа лойиҳаларни яратишни назарда тутади. Иккинчиси — «Чегарасиз мерос» ноёб қўлёзмалар ва музей коллекцияларини рақамлаштириш, ўзбек ва рус тилларида виртуал музейлар, подкастлар ҳамда таълим платформаларини яратишни ўз ичига олади.
Учинчи йўналиш — «Медиа ва маърифат» ёш журналистлар, блогерлар ва муаллифларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Унинг доирасида ўзаро пресс-турлар ва ижодий амалиётларни ташкил этиш, шунингдек, сунъий интеллект ҳамда ахборотнинг тўғрилигини текшириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш таклиф этилмоқда.
Дастурни тасдиқлаш муддати, унинг бюджети ва молиялаштириш манбалари ҳозирча эълон қилинмаган.
Форумда сўзга чиққан Абдухолиқов Ислом цивилизацияси марказининг россиялик ҳамкорлар билан биргаликдаги лойиҳаларини эслатиб ўтди. Улар орасида «Ўзбекистон. Қумлар дурдонаси», «Нукус. Номаълум коллекция», «Мовароуннаҳр цивилизацияси» ва «Ўзбекистон. Ғалаба сари йўл» номли ҳужжатли фильмлар бор. Бундан ташқари, Москва ва Санкт-Петербург фондларида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига бағишланган 20 дан ортиқ китоб-альбом тайёрланган. Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти билан ҳамкорликда Санкт-Петербургда сақланаётган Катта Лангар Қуръони қисмининг факсимиле нашри чиқарилган.
«Медиа қизиқишни — англашга, англашни — ишончга, ишончни эса халқлар ўртасидаги самимий яқинликка айлантира олади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ҳар бир янги авлоднинг шахсий қадриятига айланиши керак», — деди Абдухолиқов.
Марказ раҳбари икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг тарихий мисолларига ҳам тўхталди. Хусусан, у 1941 йил декабрида, Ленинград қамалига қарамай, шаҳарда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилганини эслатди. Бошқа бир мисол сифатида у Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли миллатга мансуб етим болаларни тарбиясига олган тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласини тилга олди.
ℹ️ Учинчи Ўзбекистон-Россия медиафоруми 9-10 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтди. Унинг ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг ТАСС агентлиги қатнашди. Тадбирда давлат тузилмалари, оммавий ахборот воситалари, технологик компаниялар ва ижодий соҳаларнинг 200 дан ортиқ вакили иштирок этди. Қатнашчилар таҳририятлар ҳамкорлиги, қўшма медиалойиҳалар яратиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш ва дезинформацияга қарши кураш масалаларини муҳокама қилдилар.
Форум очилишида Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов ва ТАСС раҳбари Андрей Кондрашов сўзга чиқди. Асадов журналистларни биргаликда тайёрлаш, таълим дастурлари ва ахборотни текшириш механизмларини ривожлантиришни таклиф этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қарийб 2700 та ОАВ фаолият юритмоқда, уларнинг 67 фоизи нодавлат секторига тегишли. Аввалги Ўзбекистон-Россия медиафорумлари 2018 ва 2021 йилларда ўтказилган.
ℹ️ Фирдавс Абдухолиқов — ўзбекистонлик медиаменежер, СТВ телекомпанияси ва «Даракчи» газетаси асосчиси. 1998-1999 йилларда Ўзтелерадиокомпания раиси ўринбосари лавозимида ишлаган, 1999-2004 йилларда Олий Мажлис (парламент) депутати бўлган, бир вақтнинг ўзида республика президенти матбуот хизматининг бош консультанти сифатида фаолият юритган. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Кинематография агентлигига раҳбарлик қилган. 2024 йилдан буён Ислом цивилизацияси марказини бошқариб келмоқда.



