3 августдан бошлаб Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва яна 47 та давлат фуқаролари учун виза кафолат тўловининг максимал миқдори 15 минг АҚШ долларидан 20 минг АҚШ долларига оширилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 50 та давлат фуқаролари учун доимий виза кафолат пули жорий этилиши ҳақидаги билдиришномасида маълум қилинди.
Гап бизнес ва туристик визалар (B-1/B-2) ҳақида бормоқда. Дастур фуқаролари АҚШда рухсат этилган муддатдан мунтазам ортиқча қолиб кетадиган давлатларга нисбатан қўлланилади. Шунингдек, унга ҳукуматлари маълумот алмашинувини, шахсни ишончли аниқлашни, судланганлик ҳақидаги маълумотлар ҳисобини, аризачиларни зарур даражада текширишни ҳамда паспорт-виза ҳужжатларининг ҳимоясини таъминламайдиган давлатлар ҳам киритилган.
Собиқ иттифоқ республикалари орасида юқорида тилга олинган Марказий Осиё давлатларидан ташқари Грузия ҳам рўйхатга киритилган. Рўйхатдан 30 та Африка давлати ва яна бир қатор бошқа мамлакатлар ўрин олган.
Бундан аввал, 2025 йил август ойидан бошлаб АҚШда бир йиллик муддатга мўлжалланган виза кафолат пули бўйича синов дастури амал қилган эди. Ўшанда консуллик ходимлари 5 минг, 10 минг ёки 15 минг АҚШ доллари миқдорида кафолат пули белгилаши мумкин эди. Энди эса дастур муддатсиз тус олмоқда, энг кам миқдор эса 10 минг АҚШ долларига оширилмоқда. Консуллик ходимлари аризачининг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда уч хил миқдордан бирини — 10 минг, 15 минг ёки 20 минг АҚШ долларини белгилайди.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, дастур жорий этилганидан кейин виза кафолат пули талаб қилинадиган давлатлар фуқароларига виза бериш сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83 фоизга камайган. Кафолат пули тўлаш талаби қўйилган тахминан 20 минг нафар аризачининг қарийб ярми уни тўлашни истамай, сафардан воз кечган.
Марказий Осиё давлатлари синов дастурига 2026 йил январь ойида киритилган эди.
Кафолат пули консуллик ходими аризачини виза олиш учун барча талабларга жавоб беради, деб топганидан сўнг АҚШ Молия вазирлигининг махсус тўлов платформаси орқали нақд пулсиз шаклда тўланади. Кафолат пулининг тўланиши виза берилишини кафолатламайди. Агар шахс АҚШдан белгиланган муддатда чиқиб кетса, шунингдек виза бериш рад этилса ёки аэропортда мамлакатга киришга рухсат берилмаса, тўланган маблағ қайтарилади. Кафолат пули суммасига фоиз ҳисобланмайди. Кафолат пули тўлаб расмийлаштирилган виза эгалари АҚШга фақат халқаро аэропортлар орқали кириб-чиқишлари мумкин бўлади.
Кафолат пули ушлаб қолинишига сабаб бўладиган қоидабузарликлар қаторига АҚШда рухсат этилган муддатдан ортиқ қолиш, визани узайтириш ёки мақомни ўзгартириш бўйича аризани ўз вақтида топширмаслик, муддатни узайтириш рад этилганидан сўнг 10 кун ичида мамлакатни тарк этмаслик, шунингдек бошпана сўраб I-589 шакли бўйича ариза топшириш киради.
Шу билан бирга, виза муддатини узайтириш ёки мақомни ўзгартириш ҳақидаги аризанинг ўз вақтида топширилиши қоидабузарлик ҳисобланмайди. Бироқ, кафолат пули мавжудлиги АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизматлари томонидан бундай аризаларни кўриб чиқишда салбий омил сифатида инобатга олиниши мумкин.
АҚШ Давлат департаменти таъкидлашича, мазкур дастур миграция соҳасида хорижий ҳукуматларни ҳамкорликни яхшилашга ва қоидабузарлар сонини камайтиришга рағбатлантиришга қаратилган дипломатик восита ҳисобланади. 2027 йил 1 октябрдан бошлаб виза кафолат пулининг энг юқори миқдори инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳар етти йилда автоматик равишда қайта кўриб чиқилади.



