Афғонистонда қарийб 2,4 миллион нафар қиз толиблар* томонидан мактабларга боришга қўйилган тақиқ туфайли ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган. Бундай статистикани ЮНЕСКОнинг фавқулодда вазиятларда таълим масалалари бўйича дастури координатори Ҳода Жабериан (Hoda Jaberian) келтирди, деб хабар беради Amu.tv.
Халқаро ташкилот вакили таъкидлашича, аввалги ҳисобот билан таққослаганда мактабга бориш ҳуқуқидан маҳрум бўлган қизлар сони қарийб 200 минг нафарга кўпайган. Бунинг сабаби «Толибон»* тақиқининг кумулятив таъсирга эга эканидир: вақт ўтиши билан тобора кўпроқ афғонистонлик қизлар ўрта таълим олиш учун зарур бўлган ёшга етиб бормоқда.
Вазиятни ватанга қайтиб келаётган қочқинлар ҳам мураккаблаштирмоқда: уларнинг 56 фоизини 15 ёшга тўлмаган болалар ташкил этади. Бироқ, ЮНЕСКО ходими вояга етмаган репатриантларнинг қанча қисмини айнан қизлар ташкил этиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқлигини қайд этади. Шунга қарамай, агар улар хорижда мактабга қатнаган бўлса, Афғонистонда бундай имкониятга эга бўлмайди.
Жабериан таъкидлашича, статистика фақат ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлганларни қамраб олади. Чунки толиблар тақиқлари бўлмаганида қанчадан қизлар мактабни тамомлаши, олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириши ва кириш имтиҳонларидан ўтиши мумкинлигини тасаввур қилиш имконсиз.
Шунингдек, Афғонистонда олий таълим соҳасида ҳам муаммолар мавжуд — «Толибон» қизларни университетларда ўқишини тақиқлаган, жумладан, аввал бу чекловлар татбиқ этилмаган таълим муассасаларида ҳам. Хусусан, гап тиббиёт олийгоҳлари ҳақида бормоқда.
Жаберианнинг сўзларига кўра, энди ҳеч қандай имтиёз йўқ: афғонистонлик қизларга ўқишни давом эттириш, аккредитация ва диплом олиш тақиқланган.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозир ЮНЕСКО бу масала бўйича толиблар билан музокаралар олиб бормаяпти. Бироқ ташкилот «Малака паспорти» дастурини амалга оширмоқда. Унинг доирасида Афғонистондан қочқинларни қабул қилаётган мамлакатлардаги олий таълим муассасалари ва иш берувчиларга талабаларнинг билимлари ҳамда иш ўринларига номзодларнинг кўникмаларини баҳолашда ёрдам кўрсатилмоқда.
ЮНЕСКО вакили “Толибон” сиёсати ўғил болалар таълим тизимига ҳам зарар етказганини таъкидлайди. Чунки ҳокимият малакали педагогларни оммавий равишда ишдан бўшатиб, уларнинг ўрнига тайёргарлиги етарли бўлмаган одамларни ишга қабул қилмоқда. ЮНЕСКО масофавий таълим ва саводхонликни ошириш дастурларини амалга ошираётган бўлса-да, буларнинг барибир синфдаги дарслар ва профессионал ўқитувчиларнинг ўрнини боса олмаслигини Жабериан қайд этади.
Шу билан бирга, халқаро ташкилот Афғонистонда таълим хизматларини кўрсатиш бўйича ишларни давом эттириш ва параллел равишда толиблардан тақиқларни бекор қилишни талаб қилиш ниятида. Жабериан таъкидлашича, афғонистонлик қизлар ва аёллар таълим олишлари керак, халқаро ҳамжамият эса инсон ҳуқуқларини тиклаш учун курашмоғи зарурдир.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот



