Ўзбекистондаги 20 та олий таълим муассасаси Тошкент ва Самарқандда ўтказилаётган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумининг университет дастури учун майдонга айланади. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати маълум қилди.
24–27 август кунлари олий таълим муассасаларида 34 та тадбир — ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ва тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган. Дастурнинг асосий қисми Тошкентда бўлиб ўтади ва бу ерда хорижий меҳмонларни 19 та университет қабул қилади. Яна бир майдон Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети бўлади.
Учрашувларда камида ўнта давлатдан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади. Улар талабалар ва ўқитувчилар билан замонавий журналистика ва халқаро медианинг фаолияти, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, ҳужжатли кино, нашриётчилик, маданий дипломатия, тарихий мерос ва туризм масалаларини муҳокама қилади.
Ташкилотчилар университет дастури талабалар ва ўқитувчиларга хорижий журналистлар ҳамда экспертлар билан бевосита мулоқот қилиш имконини бериши, шунингдек, медиафорум дастурини унинг асосий майдонларидан ташқарига кенгайтиришини кутмоқда.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Форумда қарийб 50 та давлатдан 300 нафарга яқин медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, халқаро нашрлар ва рақамли платформалар вакиллари, шунингдек, экспертлар ҳамда креатив индустрия вакиллари бор.



